Янгиликлар 1845
Янги Ўзбекистонга хос сайлов бўлади
Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар Ўзбекистонни халқаро майдондаги нуфузини янада оширмоқда. Шу маънода ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан ҳамоҳанг ҳолда давлат ва жамият қурилиши тизимини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътиборли.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси”га амалдаги қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда ўзгартишлар киритилиши жуда ўринли. Бу Ўзбекистонда сайловлар чин маънода қонунийлик ва шаффофлик асосида, халқимизнинг истакларига мос равишда ўтказилишини ўзида ифодалайди.
Жумладан, Сайлов кодексининг 19-моддасида илгари вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганида етти — ўн беш нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади, дея белгиланган. Эндиликда ушбу модда “Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганида ўн бир — йигирма бир нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади”, дея ўзгартирилмоқда. Бу комиссия фаолиятининг янада самарали ташкил этилишига олиб келади. Комиссия аъзолари сонининг оширилиши жараён даврида уларнинг ишлашини янада енгиллаштиради.
Шунингдек, 22-моддада округ сайлов комиссиясининг ваколатлари қаторида номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашиши кўрсатилган эди. Ушбу вазифа округ зиммасидан олиб ташланмоқда. Бу билан округ комиссияси ўз вазифасини бажаришда эркинликка эришади. Яна бир томони сайлов жараёнида номзодлар билан ишлашда ўринсиз гумонлар ва ишончсизликларга чек қўйилади. Шу сабаб бу вазифани округ ваколатидан чиқариб ташланиши ўринли.
Юқоридаги каби ўзгартишлар Янги Ўзбекистоннинг эртанги кунини белгилайди. Бир сўз билан айтганда, амалдаги йилда бўладиган сайловнинг қонунийлигини оширади.
Мадаминжон МАДАЗИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилояти Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг