Янгиликлар 3311
Янги Ўзбекистоннинг яна бир янги ислоҳоти
Маҳаллалар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашаётир. Бироқ, маҳаллалар фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида нуфузи тобора ошиб, аҳолининг энг яқин кўмакчисига айланиб бораётган бўлса-да, маҳалла ва оилалар билан боғлиқ тезликда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Бу эса ушбу масалаларга алоқадор бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари кучини бирлаштиришни тақозо этди.
Янги Ўзбекистоннинг яна бир янги ислоҳоти амалга оширилди. Бу эса юқорида таъкидланган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ҳеч бир давлатда такрорланмас маҳалла институти энди ҳукумат қаноти остида янада кучли тузилмага айланмоқда. Гап шундаки, давлатимиз раҳбарининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди.
Хўш, ушбу янги вазирликнинг асосий вазифалари, фаолият йўналиши ва ваколатлари нималардан иборат?
Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, ҳар бир маҳаллада “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади. Жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири ҳисобланади.
Фармонга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда “Маҳалла” ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот маркази негизида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ва вазирлик тузилмасига ўтказилади.
Шу ўринда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раҳбар органларининг ушбу ташкилотларни тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинганини ҳам таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимларини тугатиш ҳақидаги қарорлари қабул қилинди.
Фармон билан мамлакатда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган тизимни самарали жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангани ушбу мақсадларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳалла тизимини ривожлантириш ва жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этишнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган концепцияси ишлаб чиқилади.
Фуқаролар йиғини раисига бир қатор қўшимча ҳуқуқлар берилгани унинг жамиятдаги нуфузи ва обрўсини оширишга хизмат қилади. Жумладан, фуқаролар йиғини раиси тегишли ҳудуддаги профилактика инспектори фаолиятига баҳо бериш ҳамда уни рағбатлантириш ёки унга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги, ҳудудий ички ишлар бош бошқармалари ҳамда бошқармаларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлди.
Фармон билан, ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарига – профилактика инспекторларини хизмат вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ишга жалб этганлик учун ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва масъул ходимларига нисбатан бевосита интизомий жазо чораларини қўллаш ваколати берилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юклатилган 46 турдаги ҳамда профилактика инспекторларига юклатилган 13 турдаги вазифа ва функциялар қисқартирилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига асосий фаолият йўналишларидан ташқари функцияларни фақатгина давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳақ тўлашни назарда тутувчи шартнома асосида амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тузилмасида фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари саналган ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчи, тадбиркорлик, томорқа ер эгалари фаолиятига кўмаклашиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича маслаҳатчи, ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимлари тугатилди.
Қуйидаги янги лавозимлар киритилди:
- фуқаролар йиғини раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари;
- фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари;
- фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари;
- оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис;
- фуқаролар йиғини раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси;
- фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси.
Шунингдек, қуйидаги жамоатчилик тузилмалари тугатилди:
- яраштириш комиссияси;
- маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия;
- ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия;
- вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия;
- тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия;
- жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия;
- “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси.
Бундан ташқари қуйидаги комиссиялар ташкил қилинди:
- оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси;
- ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссия.
Фармон билан қуйидаги лавозимлар жорий этилди:
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасида Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозими;
- вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларида ҳоким ўринбосарлари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари лавозими;
- туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларида ҳоким ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозими.
Бош вазир ўринбосари, Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, тегишли ҳоким ўринбосарлари саналган хотин-қизлар қўмиталари раиси лавозимлари тугатилди.
Фармонга кўра, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Вазирлик хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга масъул ҳисобланади.
Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари – Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари раислари, ҳудудий бўлинмалар бошлиқларининг тегишли ўринбосарлари – Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари раислари этиб белгиланади.
Шунингдек, эндиликда фуқаролар йиғини раиси беш йил муддатга сайланади.
Маҳалла институтининг жамиятимиз ижтимоий-маънавий ҳаётида тутган ўрнини ҳисобга олиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 22 март – “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилинди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши фаолияти тугатилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилгани жамиятга қанчалик нафи бор, деган савол ҳам пайдо бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан мулоҳаза қилиш мумкинки, яқингача барча жамоат ташкилоти ўз низоми, фаолият йўналишидан келиб чиқиб, алоҳида иш олиб борар, бу ўз натижасини камроқ бераётганди.Ҳатто, шундай бир тенденция шакллангандики, жамоат ташкилотлари замон олдимизга қўйган бирон масала ечимига жавоб топишда “Бу менинг вазифам доирасига кирмайди”, “Бу билан фалон ташкилот шуғулланиши керак” деган ёндашув ҳамда қарашларнинг ҳам ҳукмронлиги мавжуд эди. Бугунга келиб аён бўлдики, бундай ёндашув хатолигини ҳамда эндиликда биргаликда ҳаракат қилиши зарурлигини замоннинг ўзи долзарб вазифа қилиб олдимизга қўйди. Лўнда қилиб айтганда, эгаси кўп боғнинг меваси кам бўлади. Ушбу ҳаётий зарурат меваси бўлган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигидан энди жамият кўпроқ натижадорлик кутишга ҳақли ҳам.
Бундай кенг кўламли ислоҳотларда депутатлар, хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар ҳам четта турмайди, албатта. Қайсидир маънода уларнинг ҳам масъулияти янада ортади. Зеро, ваколат ва шарт-шароитлар етарли.
Собир ТУРСУНОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Фикрингизни қолдиринг