Янги сайловларга мукаммал қонунчилик билан

28.01.2021 21:01:36

Бугунги кунда мамлакатимизда сайлов тизимини жамият ва давлат бошқарувига нисбатан таъсирчанлигини ошириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2019 йил 25 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қабул қилиниши мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеликлардан бири бўлди. Шу ўринда ушбу муҳим ҳужжат турли йилларда қабул қилинган сайлов қонунчилигига оид  5та қонунни (“Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”) ўзида мужассамлаштирганини таъкидлаш жоиз.

Айтишимиз мумкинки, 2019 йилнинг 22 декабрида ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига ўтказилган сайловларнинг Янги Сайлов кодекси асосида ўтказилиши натижасида сайлов тизими жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган институтга айланганди. Шунинг учун ҳам мустақил Ўзбекистоннинг сайловлар тарихида биринчи марта 2019 йил 22 декабрда ўтказилган сайлов халқаро ташкилотлар ва ривожланган мамлакатлар экспертлари томонидан ижобий баҳоланди.

Янги Ўзбекистонда тобора чуқурлашиб бораётган сиёсий ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу жараёнлар изчиллик, тадрижийлик, халқчиллик, халқ розилигига эришиш, ошкоралик ва халқ иродаси асосида кечмоқда. Буни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилганида ҳам кўришимиз мумкин.

Шуни қайд этиш жоизки, қонун лойиҳасида сайловлар ўтказиш вақтини декабр­дан октябрь ойига кўчириш тавсия этиляпти. Сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши сайловлардан кейинги сиёсий тадбирлар (парламент биринчи мажлисини ўтказиш, Ҳукуматни шакллантириш, Давлат Раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси)нинг янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилишига олиб келиб, натижада Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотлар кечиктирилишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, қишнинг совуқ кунларида чекка қишлоқ ва туманларда номзодлар билан ўтадиган учрашувларда аҳолининг иштирок этишида турли муаммолар пайдо бўлаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистонда ҳам 2015 йилги Президент сайловлари 29 мартда ўтганини эсдан чиқармаслигимиз керак. Умуман олганда, мамлакатда сайловларнинг март ойида ўтказилиши кўпчилик  сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланган эди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, сайлов тизимини демократлаштириш бу давлат ҳокимияти органларини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг асосий омилларидан биридир. Қонун лойиҳасида кўтарилаётган янги қоидалар, принциплар эса мамлакатимиз сайлов тизимининг халқаро стандартлар ва ривожланган давлатлар тажрибаси асосида янгиланаётганидан далолатдир.

 

 

Нурзода КАРИМОВА,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+