Янгиланаётган Ўзбекистонда аёл мавқеи

03.10.2020 22:10:03

Бугун Ўзбекистон жаҳоннинг ривожланган давлатлари қатори ўз миллий қиёфаси, яъни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида халқимизнинг миллий менталитетига хос бўлган ижобий анъаналар ва қадриятларни сақлаган ҳолда майдонга чиқмоқда. Бу давр жамиятимизда аёлларни улуғлаш, давлат томонидан уларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилишнинг далили сифатида тарихда ёрқин из қолдиради.

Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг сессияларида фаол иштирок этиб келаётгани, ҳамда
2020 йил 23 сентябрдаги БМТнинг 75-юбилей сессиясида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек тилида нутқ сўзлаши ҳам мамлакатимиз жаҳон миқёсида ўз ўрнини топаётганлигининг ёрқин исботидир.

Мазкур анжуман ташкилот тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтди. Бунга жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият сабаб бўлди.

Шавкат Мирзиёев чиқиши давомида халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди. Хусусан, Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини кўрсатиб берди. Йўналишлар орасида гендер масаласи алоҳида аҳамият касб этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучаймоқда. Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайди”, деб мамлакатимизда хотин-қизлар сиёсати бўйича амалга оширилаётган ишларни назарда тутди. Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасида демократик фуқаролик жамияти қуриш жараёнида жамиятимизда янгича сиёсий муносабатлар, дунёқараш, сиёсий маданият шаклланмоқда. Мазкур жараёнда хотин­-қизлар манфаатлари янги миқёс ва мазмунда намоён этилиши, тўлақонли амал қилиниши, жамият онгида мунтазам жой олиши ва ҳар қандай шароитда ўзлигини йўқотмаслиги лозим.

Жамиятни демократлаштириш даврида хотин­-қизларга бўлган муносабат ҳамда уларнинг ҳаётий тажрибаси, интеллектуал салоҳияти ва имкониятларидан бунёд этилаётган жамият ривожи учун фойдаланиш ана шу қурилаётган давлатчилик асосларининг либераллиги ва илғорлигидан далолат беради. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнидаги бизнинг давлатчилигимиз учун муҳим бўлган масалалардан бири хотин-қизларни бунёдкорлик жараёнларига не чоғлик жалб этилиши, уларнинг бугунги кун жамиятида қанчалик ўзини керакли идрок этиши масаласидир.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан институционал тизими бу вакиллик ҳокимиятидир. Вакиллик ҳокимиятининг барча даражадаги депутатлари вазифаси иқтисодий ўсишни инсон тараққиёти билан боғлаш, уларнинг узвийлигини таъминлашдан иборат. Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг парламентдаги аъзолиги кейинги йилларда 2 баробарга ортгани халқаро минбардан таъкидлангани ҳам бежиз эмас.

Бугунги кунда мамлакатимизда гендер тенглик бўйича институционал асослар ҳам кенгайтирилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.

Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизнинг 49 фоизини хотин-қизлар, уларнинг қарийб 64 фоизини 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ташкил этар экан, албатта бу йўналишда алоҳида давлат сиёсати олиб боришга тўғри келмоқда. Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек, аёллар ҳуқуқий маданиятини ошириш каби йўналишларда қатор амалий ишлар олиб борилди. Айниқса, гендер тенгликка эришиш мақсадида қабул қилинган қонунлар соҳада мавжуд айрим муаммоларнинг ечимини таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда гендер тенгликка эришишда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада кучайтириш, шу орқали оилани мустаҳкамлаш, юқори интеллектуал даражадаги ёш авлодни вояга етказиш, жамият барқарорлигини таъминлашнинг гарови ҳисобланади.

 

Нурзода КАРИМОВА,

Халқ депутатлари

Жиззах вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+