Янгиланган Конституция Халқимизнинг фаровон ҳаёти учун ҳуқуқий асос бўлади

23.06.2022 11:06:20

 

Жорий йилнинг 20 июнь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев республика Конституциявий комиссияси аъзолари билан учрашиб Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича фуқаролар томонидан билдирилган айрим таклифларга муносабат билдириш билан бир қаторда ўз таклифларини илгари сурди.

Учрашувда Юртбошимиз томонидан Конституциямизни такомиллаштириш бўйича мамлакатимиз келажаги ва тараққиётига бефарқ бўлмаган фуқаролар томонидан бугунги кунга қадар 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани эътироф этилиб, конституциявий ислоҳотлар муҳим ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланди.

Ҳақиқатдан ҳам, 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиниши, нақадар муҳим воқеа бўлган бўлса, ҳозирги даврда янгиланиб бораётган мамлакатимизга ҳамоҳанг тарзда Бош қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш шунчалик долзарб масала эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Қолаверса, ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар,  янгиланишлар, шу билан биргаликда, Халқимизнинг юксалиб бораётган кенг дунёқараши натижасида барчамизнинг кўз олдимизда Янги Ўзбекистон бўй кўрсатмоқда. Шу билан биргаликда, ривожланишга ҳамоҳанг тарзда ижтимоий муносабатлар ҳам ўзгариб бормоқда. Бу ўз навбатида уларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларининг ҳам янгилашга эҳтиёж туғдирмоқда.

Учрашув давомида давлатимиз раҳбари кенг жамоатчиликнинг хоҳиш ва истакларидан келиб чиқиб, Конституцияни такомиллаштириш бўйича 4 та устувор йўналишга эътибор қаратди. Албатта, жамият эҳтиёжларидан келиб чиқиб илгари сурилган ушбу таклиф ва ташаббуслар “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришга ҳамда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилиши шубҳасиз.  

Ривожланган давлатлар конституцияларига эътибор берадиган бўлсак,  улар ҳам давр ва ижтимоий жараёнлар натижасида ўзгарганлигини, ислоҳ қилинганлигини кўришимиз мумкин.

Шундай экан, юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимиз тараққиёти ва Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозимлиги баробарида конституциявий ислоҳотларни ҳам амалга оширишда ҳеч бирмиз бефарқ бўлмасдан, фаоллик кўрсатиб ўз таклифларимизни билдиришимиз ва шу орқали мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйишида ҳамда Янги Ўзбекистонни бунёд этишда ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

Ориф ШУКУРОВ,

“Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+