Янгиликлар 2016
Янгиқўрғон – босма ОАВ нигоҳида
Дилбар Асқарова ўн йилдан зиёд вақтдан бери Янгиқўрғон туман газетасига муҳаррирлик қилади. У Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси. 2014-2019 йилларда халқ депутатлари туман кенгашининг депутати бўлгани. Дарвоқе, у таҳририятда тузилган бошланғич партия ташкилотининг раиси ҳам. Ижодий жамоа бугунги кунда вилоятдаги энг яхши босма нашрлардан бирини мунтазам равишда газетхонлар эътиборига ҳавола қилиб келмоқда.
- Ҳозир халқ ва давлат ўртасида кўприк вазифасини ўтовчи оммавий ахборот воситаларидан шаффофлик, тезкорлик, воқеа-ҳодисаларни ёритишда холислик талаб этилмоқда, - дейди партиядошимиз Д. Асқарова - Хўш, босма оммавий ахборот воситалари томонидан ушбу вазифалар қай даражада уддаланмоқда, уларни тўлақонли адо этишда қандай муаммоларга дуч келинмоқда? Ана шу саволларга жавоб топиш, қолаверса, босма нашрларнинг бугунги фаолиятларини таҳлил этиш орқали тажриба, фикр алмашиш, босма нашрларнинг рейтингини кўтариш чораларини кўриш мақсадида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан босма ОАВ таҳририятларида семинарлар ташкиллаш белгиланган эди.
Илк семинар «Янгиқўрғон – босма ОАВ нигоҳида» мавзусида «Янгиқўрғон ҳаёти» газетаси таҳририятида бўлиб ўтди. Унда вилоят соҳа мутасаддилари, вилоят, туманлар ва шаҳар газеталарининг муҳаррирлари, ҳокимлик ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Таҳририятга ташриф буюрган иштирокчилар, аввало, газетанинг фаолияти, тарихи ва режалари билан яқиндан танишдилар. «Янгиқўрғон ҳаёти» газетаси муҳаррири Дилбар Асқарова йиғилганларга газетанинг бугунги ҳолати, имкониятлари, моддий-техник базаси, кадрлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Тадбирда сўз олган вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси раҳбари Алибек Эргашев, «Наманган ҳақиқати», «Наманганская правда» газеталари муҳаррирлари Акрамжон Сатторов ва Одилжон Иномов, «Наманган садоси» муҳаррири Орифжон Жўраев, Тўрақўрғон ва Поп туманлари газеталари муҳаррирлари Зоҳидахон Кенжабоева ҳамда Тўхтахон Тўйчибоевалар «Янгиқўрғон ҳаёти» газетасининг фаолиятини таҳлил этарканлар, бу борада таҳририятнинг молиявий ҳолати, ижодий жамоасининг салоҳияти борасида фикр-мулоҳазаларини изҳор этдилар, лозим бўлган ҳолатларда ҳамкорлик қилиш, матбуот соҳасида учраётган муаммолар ечимига биргаликда эътибор қаратиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишга келишиб олдилар.
Семинарда сўз олган туман ҳокимининг ўринбосари Асқарали Ғанихўжаев туман ҳокимлиги ва «Янгиқўрғон ҳаёти» газетаси ўртасида яқиндан ҳамкорлик олиб борилаётгани, бундан кейин ҳам муассис томонидан газета қўллаб-қувватланиши ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, семинар иштирокчилари «Янгиқўрғон ҳаёти» газетаси фаолиятини қониқарли, деб баҳоладилар.
Семинар кун тартибидан жой олган режага мувофиқ меҳмонлар туманда фаолият юритаётган «Баркамол авлод» мактабининг ёш, изланувчан мураббийи Матлуба Умарова бошчилигидаги «Нотиқ ва журналист» тўгараги аъзоларининг ижодларидан баҳраманд бўлдилар. «Наманганская правда» газетаси муҳаррири Одилжон Иномов уларга «Журналистикага кириш» мавзусида ўзига хос маҳорат дарси ўтиб берди.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари туман ҳокимлигининг ахборот хизмати ҳамда туман Ахборот кутубхонаси марказида бўлиб, уларнинг фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг