Янгиликлар 1700
“Яшил иқтисод” ўз самарасини беришига ишонаман
Сўнгги вақтлардаги иқлим ўзгаришлари инсонлар ҳаётига ўз таъсирини ўтказмоқда. Фасллар алмашинувидаги тафовутларнинг ўзгариши, атмосферанинг қисқариши каби ҳолатлар инсон омилининг табиатга келтираётган зараридан келиб чиқмоқда. Шу туфайли ушбу муаммоларни халқаро ҳамжамият билан биргаликда баҳамжиҳат ҳал этиш долзарб вазифага айланган.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилган «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик 2030» иккинчи халқаро саммитида иштирок этиши ҳам айнан ушбу муаммолар билан боғлиқ. Икки кунлик форумда дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари иштирок этди. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг билдирган таклифлари асосида Оролбўйи минтақасининг инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб БМТ бош Ассамблеяси томонидан резолюция қабул қилиниши диққатга сазовордир. Чунки Орол минтақаси нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёга хавф олаётган ҳудудга айланмоқда. Шу боис, хатто, Европа давлатлари ушбу муаммога жиддий қараб, зарур ёрдамларни беришга эътибор қаратишмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу видеоанжуманда муносиб иштирок этиши ва қолган давлатларни ҳам бу борада кенг ҳамкорлиика чақириши айниқса, эътиборга молик жиҳатлардан бўлди. Шунингдек, Париж битими асосида 2030 йилга қадар буғ газларини атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ экани ҳам муаммога жиддий аҳамият берилаётганлигидан далолат.
Ишонамизки, яқин йиллар ичида яшил технологиялар жорий этилиши ёки яшил энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, “яшил иқтисодиёт”ни барпо этиш иқлим билан боғлиқ масалаларнинг ижобий тарафга ўзгаришига олиб келади.
Зафар ИЛҲОМОВ,
Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг