Яшил майдонлар қайта яшнаса эди

10.03.2022 19:03:46

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги ўзим сайланган 9-Салар округидаги Нур маҳалласи фуқаролари ҳамда 1-Марказий даҳа аҳолиси Мустақиллик ва Буюк Ипак йўли кўчалари кесишмаси ҳудудида жойлашган «Она ва бола» яшил масканини аввалгидек кичик боғ сифатида қайта тиклаш бўйича ёрдам сўраб менга мурожаат қилишди. Мурожаатчиларнинг билдиришича, ушбу маскан 2001 йилда очилгандан буён барча ёшу қарининг севимли жойига айланган. Боғ бўлган вақтлари шу атрофдаги барча кўп қаватли уйда яшовчи инсонлар учун кичик ҳовли вазифасини ўтаган. Қариялар сайр қилишган, ёшлар спорт билан шуғулланган, ёш оналар фарзандларини ўйнатишган, фаввора атрофи улар учун кичик табиат қўйни ҳисобланган. Аммо охирги тўрт-беш йилда бу ерга банк учун бино-иншоот қуришмоқчи бўлиб, инвентарлар олиб ташлана бошланган. Ҳудуддаги яшил табиат суғориш тизими, тунги ёритиш тизимлари ва фаввора тизимларидан узилган, жой ободлигига қаралмай қўйилган. Қурилиш обеъкти бошлаб юборилган. Кутилмаган бу янгилик маҳаллий аҳолига ёқмаган ва тегишли барча мутасадди ташкилотларга қурилишдан норози бўлиб, мурожаат йўллашган. Натижада, жамоатчиликнинг қаттиқ қаршилиги туфайли қурилиш тўхтатилган. Аммо бугунга келиб ушбу паркда фақатгина суғориш тизими тикланган бўлиб, бошқа барча масалалар тўлақонли реконструкцияга муҳтож бўлиб қолмоқда. Ушбу ҳудудда яшовчи сайловчилар эса масалага якдиллик билан курашиб, боғни қайта тиклаб беришни сўрашмоқда.

Ушбу мурожаат ортидан масаланинг ечими бўйича Мирзо Улуғбек туман ҳокими Шавкат Турдиевичга депутатлик сўрови юбордим. Жорий йилда мутасадди ҳокимият ушбу масалага жиддий ёндашиб, ваколати доирасида масалани ҳал қилиши лозим, деб ҳисоблайман. 2021 йил 24 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳокимларга ҳар бир шаҳар ва туманда «яшил майдон» ва жамоат парклари, айниқса, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларда «яшил майдон»лар ташкил этиш вазифаси қўйилган эди. Бизнинг бу ҳаракатимиз ана шу вазифаларнинг ижросини таъминлаш, халқни рози қилишга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда шу ҳудуднинг беш мингга яқин аҳолиси мурожаатини инобатга олишни билдиради.

Юқорида қайд этилган Нур маҳалласидаги «Она ва бола» дея ном олган, бугунги кунда қайта тикланишга муҳтож боғда ёритқичлар ва чироқ устунларини ўрнатиш, ўриндиқлар ва ахлат учун қутилар, фавворани қайта тиклаб ишга тушириш, масканда хавфсизлик постини ўрнатиш, қариялар учун айланма пиёда йўлакча ташкил этиш, болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун спорт майдончаси ташкил этиш, Ипак йўли банкидан то Президент шоссесигача бўлган йўлни таъмирлаш ва асфальт ётқизиш, яшил маскандаги мавжуд дарахтлар, буталар ва гулларни инвентаризациядан ўтказиб, бўш жойларга янада кўпроқ манзарали дарахт кўчатлари ва буталар экиш каби масалалар кўндаланг турибди.

Ушбу манзилда қурилиш тўхтатилишига эришилувини бир томондан фуқароларнинг жамият ва шаҳар ҳаётидаги фаол фуқаролик позициясидан деб билсак, бошқа жиҳатдан мутасадди раҳбарлар томонидан жамоатчилик фикри тингланиб, инобатга олинаётганидан дарак бериб турибди. Аввалдан мавжуд бўлган «Она ва бола» боғини ўз ҳолича қайта тиклашга эриша олсак, демак, мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг моҳияти бўлмиш инсон қадрининг янада улуғланишига ҳисса қўшган бўлар эдик.

Суҳроб САИФНАЗАРОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+