«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалда ёхуд депутатлар лойиҳага ўз ҳиссаларини қўшишмоқда

10.03.2022 16:03:25

Бугунги кунда яшил оламни сақлаш ва дарахтларни кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси бутун мамлакатимиз бўйлаб фаол амалга ошмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О.Абдуллаева Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида хайрли жамоат ҳашар ишларига ўз ҳиссасини қўшди. Яшнобод тумани 61-сонли умумтаълим мактаби ҳамда 30-сонли Меҳрибонлик уйида арча ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, ушбу ҳудудга тегишли муаммолар ўрганилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар барчани бирдек ташвишлантирмоқда. Амалга оширилаётган бу каби эзгу ва савобли ишлар она табиатни асрашга ундаши билан аҳамиятлидир. Халқимизнинг нақлига кўра, ҳар бир инсон ўзидан кейин яхши ном ва яхши боғ қолдириши керак. Бинобарин, ушбу анъана улуғ аждодларимиздан бизгача етиб келган экан, биздан кейинги ёш авлодга ҳам мерос бўлиб қолиши керак.

Яшил майдонларни яратиш, ўрмонзорларни кенгайтириш, мавжуд яшиллик дунёсини муҳофаза қилиш фақат мутасадди ташкилотлар эмас, барчамизнинг муҳим вазифамиз бўлмоғи лозим. Шундай экан, кўчат экиб, боғ яратайлик.

Шу сабабдан ҳам, партиянинг тарғибот ишларида барча инсонларни, кексаю ёш, фаол ва масъулиятли фуқароларни ушбу умуммиллий лойиҳа атрофида бирлашишга, кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофи ва ҳовлисига дарахт кўчатларини экишга ундовчи тарғибот ишлари фаол олиб борилмоқда.

«Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+