Янгиликлар 1361
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси: Янги боғ ҳамда 4 минг туп тут кўчати
Гўзал ва бетакрор Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида бугунги кунда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Барча ҳудудларда кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудларда меҳнаткаш халқимизнинг бевосита иштирокида янги яшил майдонлар, экоҳудудлар ташкил этилаётир. Ушбу хайрли ишларда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар.
- Президентимиз томонидан илгари сурилган эзгу ташаббус маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддиларини руҳлантирди. Чунки маҳалла миллий давлатчилигимизнинг негизи ҳисобланади. Маҳалла обод бўлса, буюк ва бетакрор Ватанимиз Ўзбекистон ҳам обод бўлади, – дейди «Янгиариқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари Сўх туман Кенгаши депутати Амиржон Сафаров.
Депутат ва бир гуруҳ фаоллар МФЙ биноси ҳовлисида янги боғ ташкил этиб, 100 тупга яқин мевали ва манзарали кўчатлар экишди. Маҳалла аҳли бундай эзгу ташаббусдан руҳланиб, маҳалла кўчаларини ҳам ободонлаштириб, кўкаламзорлаштириш ишларини оммалаштирмоқда.
Халқ депутатлари Риштон туман Кенгаши депутати А.Ғафуров бошчилигида ҳам тумандаги «Чек Насриддин» МФЙ ҳудудида 4 минг туп тут кўчати экилди ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
- Тут жуда фойдали дарахт ҳисобланади, – дейди депутат. – Энг аввало пилла етиштириш билан шуғулланадиган маҳалладошимиз учун хом-ашё вазифасини ўтайди. Қолаверса, тут мевасидан болалар баҳраманд бўлишади. Дарахтларнинг хавфсиз ўсиши, ташқи таъсирлардан сақлаш масаласини ҳам маҳалла фаоллари билан келишиб олдик ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бордик.
«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг