“Яшил тикланиш” сари муҳим қадам

04.06.2021 10:06:38

Бугунги кунда жаҳон миқёсида катта эътибор қаратилаётган муаммолардан бири – бу, шубҳасиз, экологик вазиятнинг кескинлашувидир. Табиийки, жадал глобаллашув жараёни тезлик билан тус олаётган бир пайтда бу муаммолларни фан-техника ютуқлари асосида ҳал этиш муҳим масала саналади.

Минг афсус билан айтиш керак, сўнгги йилларда иқлим ўзгариши тобора кучаймоқда. Айнан Марказий Осиё минтақасида йиллик ҳарорат таҳминан бир даражага юқорилагани билан хавф даражаси ортиб бораётир. Минтақамиздаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Атмосферамизга захарли газларнинг тарқалиш даражасининг ортиши ва ифлосланишнинг ортиб бораётгани она табиатимиз софлигига путур етказмоқда.

Маълумки, Президентимиз 30 май куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг таклифига биноан Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик  - 2030” (P4G) халқаро саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида  “яшил тикланиш” соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишларнинг муҳим йўналишларини қайд этди ҳамда бу борадаги халқаро ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирди. “Яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда “яшил тикланиш” борасида бир қатор муаммолар мавжуд ва уларни бартараф этиш юзасидан қатъий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш долзарб масала бўлиб турибди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ерлар шўрланиши ва сифат жиҳатидан ёмонлашуви давом этишининг олдини олиш, экинларни суғоришнинг энергия самарадор ва сувни тежайдиган технологияларини кенг қўллаш ва сувни тежашни рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш муҳим талаблардан саналади.

Юртимиз азал-азалдан ўзининг бой ва бетакрор табиатига эга ҳудуд саналади. Мамлакатимизнинг барча табиий зоналарида ўрмонларни тиклаш ва табиий ўсимлик қопламини сақлаш, тоғли, тоғолди ва чўл зоналарида ўрмон майдонларини кенгайтириш, шунингдек, уларни сақлаш, муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Ўрмон хўжалигини замонавий юқори ишлаб чиқариш технологияларини қўллаган ҳолда такомиллаштириш, геоахборот технологиялари ва инновациялардан кенг фойдаланиш бугунги рақамли тараққиётнинг асосий вазифаларидан биридир.

34 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик экологик  давлатлардан бири ҳисобланади. Сув ресурсларининг тақчиллиги, устига-устак сувнинг шўрлиги, тупроқ  шўрланиши ва эрозиянинг ортиб бориши аллақачон юртимиз учун жиддий муаммога айлангани ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 20 фоизи, яъни 6,8 миллион киши шўрланиш ва сувнинг юқори даражадаги минераллашувидан азият чекмоқда. Орол денгизининг қуриб боришда давом этаётгани эса вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Орол денгизининг қуриши бутун Марказий Осиёда кескин иқлим ўзгаришига олиб келди, сув ресурслари тақчиллиги, мавсумий қурғоқчиликнинг кучайиши, қаҳратон қишнинг узоқ давом этиши, Помир ва Тянь-Шань тоғлари музликлари эришининг тезлашиши ва минтақа мамлакатларида қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш шароитларининг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.

Орол танглиги инсоният тарихидаги энг йирик экологик ва гуманитар фожиалардан биридир. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистонинг Оролбўйи ҳудудида яшайдиган аҳолиси ҳар куни сув ресурслари етишмаслиги, ичимлик суви сифатининг пасайиши ва тупроқ таркибининг бузилиши, иқлим ўзгариши, турли касалликларга чалиниш хавфининг ошиб бораётгани билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларга дуч келаётгани айни ҳақиқат. Экологик вазиятнинг ёмонлашуви бутун минтақа иқтисодий кўрсаткичларининг кескин пасайиб кетишига олиб келди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Орол фожиасининг салбий омиллар таъсири натижасидаги йиллик иқтисодий зиёни юзлаб миллион долларни ташкил қилади. Юз минглаб кишилар ҳаёти минтақадаги муаммоларнинг ҳал қилинишига боғлиқ. Бу борада Саммитда Ўзбекистон ташаббуси билан Оролбўйини “Экологик инновация ва технологиялар ҳудуди”, деб эълон қилиш бўйича қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси халқаро ҳамкорлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлангани аҳамиятлидир. Мазкур йўналишдаги ишларни, шу жумладан, махсус ташкил этилган БМТ Траст фонди, Яшил ўсиш глобал институти, “P4G” шериклик платформаси ва бошқа институтлар доирасида биргаликда давом эттирилади.

Дарҳақиқат, бутун дунёни таҳликага солаётган глобал муаммога ечим топиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтишда бизнинг ўз қарашларимиз ва позициямиз бор. Биз танлаган позиция ва ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани, албатта, эътиборга молик масала. Демак, биз келгусида “Яшил тикланиш” ва углерод нейтраллигини таъминлаш, экологик муаммоларни фан-техника ютуқларимиз билан бартараф этиш бўйича олдимизга жуда катта вазифаларни қўйдик ва бу борада ҳаракатдан асло тўхтамаймиз.

Нигора НИШОНБОЕВА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+