Янгиликлар 1724
Ясситовонлик ва сколиоз касалликлари бўйича ўрганиш хулосалари сессия кун тартибида муҳокама этилди
Хазорасп туман ҳокимлигида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда депутатлар ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишди.
Халқ депутатлари Хазорасп туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи томонидан туманда фаолият олиб бораётган умумтаълим мактабларида ясситовонлик ва сколиоз касалликлари доирасида олиб борилган ўрганиш ишлари натижалари тўғрисида депутатлик гуруҳи раҳбари М.Сапаеванинг ахбороти тингланди ва муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, тумандаги 54 та умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида ўрганиш ишлари олиб борилганда, 132 нафар ўқувчида ясситовонлик, 6 нафар ўқувчида сколиоз касаллиги борлиги аниқланди.
Шунингдек, муҳокама давомида мазкур касалликнинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида савол-жавоб ҳамда тавсиялар илгари сурилди.
Шундан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан қуйидагича қарор лойиҳаси ўқиб эшиттирилди.
Халқ депутатлари Ўзбекистон “Адолат” СДП Хазорасп туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари М.Сапаеванинг туманда фаолият олиб бораётган умум ўрта таълим мактабларидаги ўқувчилар ўртасида ясситовонлик ва сколиоз касалликлари доирасида олиб борган ўрганиш ишлари натижалари тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди.
Мазкур касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уни бартараф қилиш чоралари бўйича тарғибот тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва аҳоли ўртасида амалга ошириш вазифаси туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Б.Ахмедов зиммасига юклатилди.
Умумтаълим мактабларида мазкур касалликлар ташхиси қўйилган болалар учун махсус хоналар ажратиш, уларни тегишли тиббий ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда доимий равишда махсус жисмоний тарбия машғулотларини йўлга қўйиш, санитар норма талабларига тўлиқ жавоб берадиган стол-стуллар билан таъминлаш чораларини кўриш масаласига туман халқ таълими раҳбари З.Қурбонов масъул этиб белгиланди.
Мазкур қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б.Собиров ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашининг “Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича” доимий комиссия раиси К.Бекчанов зиммаларига юклатилди.
Қарор лойиҳаси иштирокчилар томонидан бир овоздан қабул қилинди ва амалиётга йўналтирилди.
Сессияга масала киритиш давом этмоқда.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг