Янгиликлар 1464
Ёлланма ишчиларнинг даромадларини қайд этадиган электрон платформа яратилиши лозим
"Адолат" СДПнинг "Муаммо билан юзма-юз" лойиҳаси доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева ҳамда партиянинг Фарғона вилоят Кенгаши томонидан Фарғона шаҳридаги умумий овқатланиш шаҳобчаларида фаррош, идиш-товоқ ювувчилик ва бошқа шу каби ишларга жалб қилинган хотин-қизларнинг меҳнат шароитлари, белгиланган меҳнат қонунчилигига амал қилиниши бўйича муаммолар ўрганилди.
Фарғона шаҳридаги кўплаб умумий овқатланиш шаҳобчаларида иш берувчилар ва ходимлар билан суҳбатлашиш жараёнида хотин-қизларнинг аксарияти 10-12 соат меҳнат қилиши, кўп ҳолатларда меҳнат шартномаси тузмасдан кунлик ёлланма ишчи сифатида ишлаши аниқланди.
Тадбиркорлик субъектлари эгалари фикрича, ёлланма ишчиларнинг аксарияти қўнимсиз, доимий ишлаш истаги бўлмаслиги учун меҳнат шартномаси тузиш имконсиздир. Лекин синовдан ўтган ишчилар билан шартнома тузилиб, меҳнат дафтарчаси очилган. Ходимлар байрамларда рағбатлантирилиб турилади.
Ишчи аёлларнинг ўзи билан суҳбатлашилганда улар ҳам вақт ўтиб, нафақа, бола парваришига чиққанда декрет пули олишни, санаторийларга йўлланма берилиши, дам олишга боришни исташларини билдирганлар.
Ўрганишлар натижасида, барча ходимларни шартнома билан ишлатиш тадбиркор бизнесига оғирлик қилиши эътиборга олиниб, 30 ёки 50 дан ортиқ аёлни иш билан таъминлаган тадбиркорга солиқ имтиёзлари берилиши зарур бўлади.
Бундан ташқари, кунлик ёлланма меҳнатчилар нафақат мамлакат бўйича, балки бутун дунёда ҳам мавжудлигини ҳисобга олиб, уларнинг сонини сунъий камайтириш эмас, балки фаолиятини қонунийлаштириш чораларини кўриш самаралироқдир.
Жумладан, ёлланма ишчиларнинг даромадларини қайд этадиган электрон платформа яратилиши, унга ишчининг хоҳишига кўра иш берувчи томонидан пул ўтказилиши зарур. Ва бу сумма ҳисобидан тадбиркор ёки меҳнатга ёллаган шахс солиқдан озод бўлиши лозим. Ишчи ходимнинг бир йилда жамланган маблағидан олинадиган даромад солиғи эса 12 фоиз эмас, камайтирилган миқдорда олиниши керак. Шу маблағ асосида ишчига пенсия тайинланиши лозим.
Электрон платформа яратиб, унда ёлланма ишчилар меҳнати, даромадини қайд этиш орқали пенсия тайинлаш таклифи "Адолат" СДП вилоят Кенгаши томонидан аввал ҳам илгари сурилган. Бугунги кунда бу таклифни қайта кўриб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш умумий овқатланиш шохобчаларида, қурилишларда ва бошқа исталган жойда ёлланма меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган кишиларнинг меҳнати қонуний бўлишини таъминлайди.
“Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг