“Ёрдамга муҳтож кимсага нафим теккан бўлса хурсандман”

06.12.2021 15:12:47

3-декабрь Халқаро ногиронлар куни муносабати билан “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан   вилоят қон қўйиш маркази ҳамда туман тиббиёт бирлашмаларидаги қон қўйиш бўлимларида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси бўлиб ўтди.

Самарқанд шаҳридаги вилоят қон қуйиш станцияси эрта тонгдан одамлар билан гавжум бўлди. Вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ички ишлар вазирлиги МОМБ махсус отряд бўлинмаси, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари, партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда ОАВ вакиллари тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш,  қон  топшириш орқали  беморларнинг ҳаётини сақлаб  қолиш, қолаверса  жамиятда меҳр-оқибат ғояларини  тарғиб  қилишга мақсадида жам бўлдилар.

Барчамиз яхши биламизки, қоннинг инсон ҳаётидаги аҳамияти беқиёс. Қон   ҳаёт манбаи, инсон тириклигининг асоси. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Ҳаётда учрайдиган турли тасодифар, тиббиётда учрайдиган турли хил касалликлар кўп қон йўқотишлар натижасида инсон ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларга малакали мутахассислар ёрдами билан биргаликда, донорларнинг ҳам беминнат ёрдами зарур бўлади. Акция давомида иштирокчилар ҳамда мутахассислар фикрини тингладик.

Рофи Алиев, вилоят қон қўйиш маркази бош шифокори:

 – Қоннинг инсон ҳаётидаги аҳамияти барчамизга яхши маълум. Ҳар биримиз умримиз давомида қариндошимиз, яқинимиз ёки қўни-қўшни, танишларимизга қон зарур бўлганлиги ҳақида эшитганмиз, донорлар сабаб қанча-қанча инсонлар шифо топганига гувоҳ бўлганмиз. Биргина фавқулодда вазиятлар ёки жароҳатлардагина эмас, доимий равишда қон қўйиб туриш керак бўлган лейкоз, гемолитик анемия каби касалликлар борки улар донорлар бахш этган эзгулик сабаб томирида қон оқиб туради. Шунинг учун ҳам айтиш мумкинки, энг бебаҳо неъмат қонни беғараз топшириш орқали беморлар ҳаётини сақлаб қолаётганлар олдида қанча бош эгсак арзийди. Бу инсонйиликнинг юқори намунаси.

Улмас Мейлиев, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи:

– Ушбу акция ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабар топар эканман, унда иштирок этиб, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиш ҳисси мени тинч қўймади. Эрталабки маънавият соатини тугатиб жамоамиз билан ушбу ҳайрли ишга ҳисса қўшишга ошиқдик. Фаолиятимиз давомида англадимки, бу ҳаёт тасодифларга тўла. Баъзан озгина эҳтиётсизлик инсон ҳаётини фожиага айлантирса, ўз вақтида берилган ёрдам, эътибор унга чексиз қувонч бахш этиши, умрига умр қўшиши мумкин. Мана ҳозир гувоҳ бўлганим онахоннинг набираси саломатлиги учун кўзда ёши билан бу ишга бош қўшганларни дуо қилганини кўриб тўғри қарор қабул қилганимга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

 Саломат Хайриева:

– Зарурат юзасидан қон қўйиш марказига келган эдим. Бугун “Адолат” партияси томонидан ўтказилаётган акциянинг гувоҳи бўлдим. 12 кундан буён набирам шифохонада. Шундай хайрли ишни бошлаганлар ҳамиша саломат бўлсин. Кўрсатилган беғараз ёрдамдан шунчалик хурсандманки, миннатдорчилигимни етказиб беролмайман.

Ғайрат Баҳромов, иштирокчи:

– Акция ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлдим. Бу ерда мутахассислар зарур текширувлардан сўнг, донорлик қилишим мумкинлигин айтишди. Беморларга, қайсидир кўмакка, ёрдамга муҳтож кимсага нафим теккан бўлса хурсандман.

Фирдавс Ниёзов, вилоят ҳарбий гарнизон майори:

– Атрофдаги инсонларга меҳр - муҳаббат кўрсатиш, кўмак қўлини чўзиш халқимизга хос фазилат. Мен бугунги акцияни ҳам халқимизнинг шундай фазилатларини намоён этувчи бир жараён десам янглишмайман. Биз ҳам жамоамиз билан ташриф буюрдик. Ҳамма ўз хоҳиши билан савобли ишга ҳисса қўшишга ошиқди. Бу каби хайрли тадбирларни партия билан ҳамкорликда яна кўплаб амалга оширишга келишиб олдик.

Қаердадир ўқиган эдим, “Сен тинчгина уйқуга кетганингда, кимдир бедор бўлиб сени ҳақингга дуо қилишиданда гўзал нарса йўқ” деб. Марказга кимдир онаси, кимдир отаси, яна кимлардир фарзанди, турмуш ўртоғи, набираси, яқинлари шифохонада эканлигини айтиб, қонга эҳтиёжи борлигини маълум қилиб келганларни кўрдим-у, яратганга шукрона келтирдим. Ўзимиз, оила аъзоларимиз, яқинларимиз саломатлиги учун, Оллоҳ бизга шундай инсонларга кўмак беришга имконият яратгани учун, ва эрта тонгдан то кечга қадар саховатли инсонлар оқими тўхтамагани, бундай яхшилар орамизда жуда-жуда кўплиги учун шукрона келтирдим. Ҳамиша бор бўлинг, яхши одамлар.

 

Лола Сайидова,

 “Адолат” СДП Самарқанд вилояти  кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+