Янгиликлар 2160
Ёруғ келажагимиз йўлида муҳим қадам
Мана бир неча йилдирки давлатимиз раҳбарининг ҳар янги йил бошланишидан олдин Олий Мажлис аъзоларига Мурожаатнома йўллаши анъанага айланди. Ҳар бир фуқаро ушбу Мурожаатномада мамлакатимизда келгусидаги йил учун белгиланган режалар, амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар билан танишиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ушбу йилдаги мурожаатномада ёш авлодга пухта таълим бериш, уларни жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялашга қаратилган ислоҳотлар, жумладан, болаларни умумтаълимга тайёрлаш жараёнида сусткашлик ёки лоқайдликка асло йўл қўйиб бўлмаслигини, болаларимизнинг бахту иқболи учун жавобгарлик ҳамда масъулият ҳисси ғоят улкан эканини унутмаган ҳолда билдирилган фикрлар менда катта таассурот уйғотди.
Мурожаатномага кўра болаларнинг меҳнат кўникмаларини мактаб давридан бошлаб шакллантириб бориш мақсадида “касбга ўргатиш тизими” жорий этилиши жуда қувонарли. Бинобарин, шарқ мумтоз адабиётининг буюк намоёндаларидан бири Саъдий Шерозийнинг педагогик қарашича болада қобилят ўз – ўзидан ривожланмайди. Унинг ривожланиши учун болани тарбиялаш керак, тарбия бўлмаса, боладаги қобилият сўнади. Шу сабабдан ҳам бугун бу борада қўйилган ҳар бир қадам, эртага ўзининг натижасини кўрсатади, мевасини беради.
Мурожаатномада мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотлар жадал давом эттирилиши таъкидланди. Шунингдек, умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шартлиги, бунинг учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур асосида амалга оширилиши, ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилиши мамлакатнинг ёрқин келажагини, узоқни ўйлаб қилинган қарор десак муболаға бўлмайди. Зеро, “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир” дейишади. Аммо, бу нақшнинг шакли ва мукаммаллиги ўрта мактабда болаларга бериладиган билим сифати ва даражасига бевосита боғлиқ.
Яна бир эътиборли жиҳати бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланиши, ижтимоий имтиёзлар тақдим этиш орқали улар мавқеини ошириш таълим сифатини яхшиланишига таъсир этади. Чунки, рағбат бор жойда, меҳнатга муносабат ҳам, масъулият ҳам ўзгаради.
Мурожаатномада бизга сайловчилар билан учрашувлар чоғида кўп марталаб ўртага ташланган ўқитувчиларнинг малака ошириш ва тоифа олиш борасида ечимини кўтаётган масалага ҳам ечим кўрсатиб берилгани аҳамиятли бўлди. Энди ўқитувчилар “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши, шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқилиши тўғри ечим бўлади деб ҳисоблайман.
Шу билан бир қаторда маҳаллаларда рўйхати шакллантирлган “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилиб, шу мақсадда келгуси йилдан бошлаб маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича марказлар ташкил этилиши минглаб уйда ишсиз ўтирган хотин-қизларга, ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз. Ёки биргина ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилиши оилалар фаровонлигини таъминлашга, ишсизлик даражасини қисқартиришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасида эртанги ёруғ келажагимиз йўлида муҳим вазифалар белгиланган. Биз депутатлар, халқ вакилларининг вазифаси эса давлатимиз раҳбарига ушбу кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда камарбаста бўлишдан иборат.
Муҳиба БОБОБЕКОВА,
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг