“Ёш адолатчилар” Форуми интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантиришга бағишланди

14.07.2021 19:07:59

14 июль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Ёш адолатчилар” Форуми ташкил этилди. Тадбирни ўтказишдан мақсад ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали заҳарланишдан ҳимоялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишдан иборат.

Форумда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали кириб келаётган зарарли ахборотларнинг олдини олиш,  интернетдан фойдаланиш маданиятини кучайтириш ва мафкуравий ҳуружларга қарши тура олишга чорлади. Эътироф этилганидек, мамлакатимизда ёшларга бўлган алоҳида эътибор туфайли уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштироки кенгайиб бормоқда. Партия ҳам уларни катта куч деб билади. Шундай экан, навқирон авлод вакиллари бунга жавобан янада фаол бўлишлари, бор билим ва куч-ғайратларини “Адолат” СДП нуфузини оширишга сафарбар этишлари даркор. Биринчи навбатда сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга эътибор қаратиш лозим. Бу билан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга муносиб ҳисса қўшишлари мумкин. Зеро, бугунги кунда янги Ўзбекистон ёшлари – мамлакатни модернизация қилишга қаратилган жадал ва кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев ёшларимиз ҳақиқий маънода Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳам суянчи ва таянчига айланганини таъкидлади. Бугун партиянинг умумий аъзолари сони 458 мингдан ортиқни ташкил этаётган бўлса, шундан 42 фоизини, яъни 192  минг нафарга яқинини айнан ёшлар ташкил этади. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 24 та депутатдан  4 нафари ёш депутатлар сафига киради. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг 67 нафари ёшлардан иборат.

 

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги ёшлар сони шу кеча кундузда 1.3 миллиард нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 429 миллиони иш билан банд бўлса, 509 миллион ёшлар таълим билан машғул, бироқ 267 миллион ёшлар таълимдан, меҳнатдан узилиб қолган. Яъни, дунёда ҳар беш нафар ёшлардан бири ишсиз ҳисобланади. Улар касбий маҳоратга ва даромадга ҳам эга эмас. Мавжуд муаммога ечим топиш, вазиятни барқарорлаштириш учун ҳар бир мамлакатдан жиддий чоралар кўриш тақозо этилади. Бу масала мамлакатимиз учун ҳам жуда аҳамиятли, чунки ҳозирги кунда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан ошади. Бу кўрсаткич мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 55% фоизи демакдир. Ёшлар орасидаги расмий ишсизлик кўрсаткичи эса 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этади. Уларнинг фойдали меҳнат билан банд эмасликлари эса интернетни бекорчилик манбаига айлантириб олиш, ёт мафкуралар таъсирига осон илинишга шароит яратмоқда.

Форумда ёшларда интернет маданиятини юксалтириш, ижтимоий тармоқлар домига илинаётган ёшлар мафкурасини соғломлаштириш масалалари диққат марказида бўлди.

Сўзга чиққан ёшлар томонидан қайд этилганидек, ижтимоий тармоқлар ҳаётимизга чуқур кириб бормоқда, аммо улардаги маълумотларни ҳамма вақт ҳам тўғри, деб айтиш қийин. Айниқса, ёшларни тўғри йўлдан адаштиришга қаратилган ахборотлардан кўз юмиш қийин. Айни пайтда интернет тармоғида ўз ҳатти-ҳаракатлари билан ёшларимизни осонлик билан бузғунчилик, ўз яқинларига зўравонлик ва ёвузлик  қилишга ундовчилар, давлатимиз олиб бораётган сиёсатга қарши етаклаётганларни ижтимоий тармоқларда турли хил воқеалар, тасвирлар орқали кузатаяпмиз.

Шу сабаб таълим муассасаларида партия ташаббуси билан ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган ўқишлар ташкил этилмоқда. Бу иш жамоатчиликнинг биринчи даражали вазифасига айланиши лозим. Ёшларимиз интернет тармоғидан фойдаланганда менталитетимизга хос аҳлоқий меъёрларга риоя қилиб, ахборотларни жойлаштириш, тарқатиш, излаш хусусиятларни ўз ичига олган ахборот хавфсизлиги ва интернет маданиятини мукаммал ўзлаштиришларига кўмаклашишимиз лозим.

Бугунги тезкор замонда ёшларни ахборот хуружидан асраш, юзага келаётган салбий оқибатларини бартараф этиш долзарб вазифага айланмоқда. Шиддат билан ривожланаётган ахборот асрининг ўзига хос салбий жиҳатлари кези келса ёшларни тўғри йўлдан чалғитмоқда. Мазкур форумда айнан ушбу жиҳатларга урғу берилиб, ахборот маконида вояга етган ҳар бир ёш авлоднинг ўзи мустақил ва онгли равишда зарарли томонларидан ҳимояланишни билиши муҳимлиги ташкилотчилар томонидан қайд этилди. Шунингдек, ҳаётимизда илм-фаннинг ўрни ва қадри нечоғли улуғ эканлиги айтилиб, ёшларни замонавий ахборот воситаларидан илмни чуқур эгаллашда самарали фойдаланишга чақирилди. Аксинча, ахборот оқимида яққол кўзга ташланаётган ва ёшларни ўзига оханграбодек маҳлиё қилган медиа маконнинг зарарли одатларидан ҳар дам огоҳ бўлиб туриш давр талаби эканлиги уқтирилди.

Тадбир сўнгида интернетдан фойдаланиш маданиятини кучайтириш ва мафкуравий ҳуружларга қарши тура олиш бўйича ёшларнинг фикр ҳамда таклифлари асосида тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+