“Ёш адолатчилар”га янги раис сайланди

05.11.2020 14:11:22

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши Ёшлар қаноти Кенгашининг 2015-2019 йиллардаги фаолияти натижаларига бағишланган ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда Кенгаш аъзолари, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, олий таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, маҳаллий кенгаш депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Кенгаш йиғилиши ишида кун тартибидаги масалалар сифатида Ёшлар қанотининг беш йиллик фаолияти ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича узоқ муддатли амалий дастур кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан фаоллигини ошириш масаласида барча жабҳалардаги ислоҳотларда кенг ва фаол иштирок этиб, жамиятда кечаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашиш туйғусини шакллантириш мақсадида муайян ишларни амалга ошириб келмоқда. Самарқанд вилоятида 54000 дан ортиқ партия аъзоси бўлган ҳолда 11800 дан ортиғини, яъни, 21 фоизини Ёшлар қаноти вакиллари ташкил этади. Ўтган йиллар давомида айнан ушбу ёш кучларнинг шижоати, партия ғоя ва мақсадларини катта жонбозлик кўрсатиб кенг омма орасида ёйиши муҳим рол ўйнади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қўшимча чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилиб, кўплаб амалий ишлар ҳам йўлга қўйилган. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” сайловолди дастурини амалга ошириш мақсадида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Депутат ёшлар даврасида”, “Яхши касб – етук мутахассис – муносиб иш ҳақи“Юксак ҳуқуқий маданият-қонун устуворлигининг гарови”, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси”, “Тозалик йўлида бирлашайлик!”, “Адолат – қонун устуворлигида”, “Сиёсий ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш-демократик жамият пойдевори” лойиҳаси доирасида жойларда турли мазмундаги тадбирлар ташкил этилиб  741 марта турли хил мавзуларда тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда 10 мингга яқин партияга хайрихох бўлган ёшлар иштирок этган.

Тадбирлар ҳуқуқий-сиёсий ва маънавий-маърифий йўналишлар ва сиёсий ўқувлар кўринишида ташкил этилган. Бундан ташқари, “Ёш адолатчилар” Кенгаши фаолларини партия кадрлар заҳирасига киритиш, шунингдек, давлат ҳокимияти бошқаруви органларининг масъул лавозимларига ҳамда вакиллик органларига номзод сифатида тавсия этиш ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ўтган йилларда мобайнида 97 нафар партиянинг фаол ёшлари давлат ҳокимияти бошқаруви органларининг юқори лавозимларига тайинланган. Улар орасидан депутатликка номзоди кўрсатилиб, сайланганлари ҳам бор. Шунингдек, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби” аъзолигига янгидан янги ёшларни қабул қилишда ташаббус кўрсатишгани, мунтазам иштирокларини таъминлаганлари туфайли уларнинг иқтидорли қирралари янада сайқал топиб, бугун нуфузли олийгоҳларда таҳсил олишмоқда, етук мутахассис бўлиб турли соҳаларда фаолият олиб боришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси “Ёшларга оид давлат сиёсати” самарадорлигини янада ошириш ва Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси ҳам ишлаб чиқилиб, Самарқанд   вилоятидаги уюшмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилиш, ишсиз ёшларнинг қизиқиши ва мутахассислиги бўйича рўйхатини шакллантириш ва уларни ишга жойлаштириш чоралари кўриб чиқилди. Ўтган давр мобайнида партия ёрдамида 320 дан ортиқ ёшларнинг иш билан таъминланишига эришилган.

Партиянинг “Ватан-келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ҳар йил ўтказилиб келинган “Адолат билимдони” кўрик танловида туман, шаҳар, вилоят ҳамда Республика босқичларда ўтказилиб, партиямизнинг фаол  ёшлар қаноти аъзолари 1-2-3 ўринни қўлга киритиб келмоқда.

Мустақиллигимизнинг 25-йиллиги муносабати билан “Иншолар танлови” ўтказилди. Ушбу иншолар танловида ҳар бир туман ва шаҳар Кенгашларимиздаги Ёшлар қаноти фаоллари томонидан 30 дан ортиқ иншолар қабул қилинди. Вилоят миқёсида жами 500 дан ортиқ иншолар жамланиб, уларнинг ичида энг яхши деб топилган 5 таси партия Сиёсий Кенгашига етказилди. Ушбу иншолар партия томонидан чоп этилган “Истиқлол шукуҳи” китобидан жой олди. Вилоят Кенгаши томонидан 50 дан ортиқ ёшларнинг иншолари намунали деб топилиб, эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Самарқанд вилоят “Ёш адолатчилар” қаноти таркибида Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, турли спорт турлари бўйича Осиё ва Ўзбекистон чемпионлари ҳамда турли фан олимпиада ғолиблари мавжуд. Шунингдек ёшларнинг ташаббус ва иқтидорларини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда “Адолат мезони”, “Адолат ўғлонлари”, “Адолат билимдонлари”, “Адолат маликаси”, “Адолатни мадҳ этгум”, “Конститутция илҳомлари” каби ўнлаб кўрик-танловлар ўтказилиб, ғолибларни рағбатлантириш йўлга қўйилган. Бундай истеъдодли, иқтидорли ёшлар “Истеъдод клуби”га бирлаштирилган. Хотин - қизлар йўналишда “Адолат маликаси”, “Партиянинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловлари барча туман, шаҳар Кенгашлари томонидан ўтказилиб, республика босқичида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Тайлоқ туманидан иштирок этган партиядошларимиз кетма-кет фахрли биринчи ўринга сазовор бўлиб келишаётгани қувонарли.

“Ёш адолатчилар” қаноти аъзоларидан 2019-йилдаги сайловларда Халқ депутатлари шахар ва туман Кенгаши депутатлигига 2 та ёш депутатимиз сайланишга эришди. Ушбу иккала депутатимиз ҳам бугунги кунда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолигига сайланган. Бугунги кунда Ёш адолатчилар қаноти вилоят Кенгаши фаолларидан Олий Мажлис қонунчилик палатаси қошидаги Ёшлар парламенти аъзолигига 7 нафар фаол ёшларимиз сайланганганлиги қувонарли ҳол.

Анжуманда иштирокчилар томонидан партия “Ёш адолатчилар” қаноти фаолияти қониқарли деб баҳоланди. Шу билан бир қаторда ёшлар ва маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, ёшларнинг муаммолари, таклифларини ўрганиш бўйича тизимли дастур ишлаб чиқиш, партия ғояларини кенг тарғиб этишда “Истеъдод клуби”, “Ёш депутатлар клуби”, Ёшлар парламенти аъзоларидан самарали фойдаланиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Конференцияда “Ёш адолатчилар қаноти” раислигига янги раис сайланди. Самарқанд вилоят Ёшлар ишлари агентлиги бош мутахассиси Сардор Хайруллаев билдирилган барча таклиф ва мулоҳазалар жуда ҳам тўғри эканлигини қайд этиб, бу борада вилоят Ёшлар ишлари агентлиги ҳам партия Ёш адолатчилари билан камарбаста эканлигини таъкидлаб ўтди. Ҳамкорликдаги фаолиятини самарали амалга ошириш учун вилоят Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда партия ёш адолатчилар ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш, уни шакллантириш тўғрисида ўз таклифини билдирди.

Анжуман якунида партия ғояларини ёшлар ўртасида кенг тарқалишига, партия танилувчанлигини ортишига ўз ҳиссасини қўшган фаол ёшлар рағбатлантирилиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Албатта, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ижимоий адолат, қонуннинг устуворлиги таъминланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлида партия ёшларининг фаоллиги тўхтамайди. Улар ишлаб турган жабҳаларида ва жамоат ишларида ўзларининг ташаббускорлиги, изланувчанлиги билан танилган ёш кадрлардир. Зеро, партия мамлакатни барча соҳада модернизациялашда, инновацион сиёсатни амалга оширишда ва ислоҳотларимиз одимларини тезлаштиришда айни шундай ёшларга суянади.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят

Kенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+