Янгиликлар 1578
Ёш адолатчимизнинг орзуси ушалди
Жорий йилнинг июль ойида Урганч давлат университети “Техника” йўналиши талабаларининг чақирувига биноан, “Партия патронажи” масканга ташриф буюриб, бир гуруҳ талабаларни партия аъзолигига қабул қилган эди.
Тадбирда партиянинг жонкуяр, фаол аъзосига айланиб улгурган Бобуржон Раимберганов билан суҳбатлашганда у олий мақсадларидан бири- намунали фазилатлари ва амаллари билан ота-онасига раҳмат эшиттириб, уларни хурсанд қилиш эканини баён этган эди. Суҳбатдошимизнинг бу мақсади партия фаолларининг эътиборини тортди.
Ёш адолатчимизни орзусини амалга ошириш мақсадида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида УРДУ “Техника” йўналишида давра суҳбат ташкил этилди.
Бубурбек Раимберганов, ёш адолатчи:
-Бугун қувончимнинг чеки йўқ. Йиллар бўйи тинчлик бермай келаётган орзум амалга ошди. Партиям томонидан ота-онамга ташаккурнома ҳамда партия ходими Гулора Исмоилованинг “Менинг онам ҳаммадан гўзал” номли китобини тақдим этишди. Хурсандчилигимни ҳеч нарса билан таърифлай олмайман. Ташаккурномани кўриб онажоним кўзларига қувонч ёшларини олиши аниқ. Партиямга хизмат қилиш орқали юртим фаровонлиги учун жонимни фидо қилишга тайёрман. Шундай ота-онанинг, шундай тинч-осуда, ота-оналари қадрланган юртнинг бахтли фарзанди эканимдан ғурурланаман.
Бир сўз билан айтганда, Бобуржондек ота-онасининг хурсандчилигини ҳар нарсадан устун қўйган ёниқ юракли ёшларимиз Ватан келажаги учун жонини фидо қилишига шубҳа йўқ. Шу боис ҳам Ўзбекистонимиз ана шундай мард-жасур ўғлонлари билан буюкдир.
Хоразмда истеъдодли, ёниқ юракли ёш адолатчиларнинг ота-оналарини маънавий ва руҳан рағбатлантириш ишлари давом этади.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг