Янгиликлар 1289
Ёш тадбиркорнинг фаолияти ўрганилди
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қоровулбозор туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Н.Эшмуродов ҳамда туман Кенгаши депутатлари М.Бобоназарова ҳамда З.Рахматовалар тумандаги “Навбаҳор” маҳалласида истиқомат қилувчи Жамшид Ибройимовнинг тадбиркорлик фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Депутатлар тадбиркорлик фаолияти билан яқиндан танишар экан, у ерда ишловчилар учун яратилган шароитлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифати, харидорбоплиги тадбиркорнинг келгуси режа ва мақсадлари, таклиф ва муаммолари билан ҳам ўртоқлашдилар.
Тадбиркор Жамшид Ибройимов табиий тош қумларидан ички ва ташқи деворлар учун безак воситалари (Обой) ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Қувонарлиси, 25 млн сўм маблағ билан ўз фаолиятини бошлаган ёш тадбиркоримиз ҳозирда 6 нафар тенгдошларининг ҳам бандлигини таъминлади. Ҳозирда ишчи ходимлар ўртача 4-5 млн сўм атрофида ойлик маош олишмоқда.
Асосийси, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг шўр ва намга чидамлилиги ва 20 йиллик кафолат муддати маҳсулотнинг харидорларини ортишига хизмат қилмоқда.
- “Яқинда иш фаолиятимизни кенгайтириб, каучукли брусчатка ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз ва бунинг натижасида яна 4 нафар иш ўринлари яратилади” – дейди депутатлар билан суҳбат давомида Жамшид Ибройимов.
Юзма-юз мулоқот чоғида Жамшид Ибройимовнинг тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш масаласида қандай муаммолар бўлса, депутатлар уларни бартараф этишга тайёрлигини билдириб, фаолиятини янада ривожлантириш борасида таклиф ва тавсияларини бердилар.
Нурали ЭШМУРОДОВ,
“Адолат” СДП Қоровулбозор туман Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг