Ёшлар бандлиги - муҳим вазифа

29.01.2021 11:01:51

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўткан видеоселектор йиғилишда асосий эътибор ёшларнинг бандлигини таъминлашга қаратилди. Маълумки, бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида ишсизлар сони 17 фоизни ташкил этаётганлиги таъкидланди. Бу борада ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, уларнинг ғояларини қўллаб-қувватлаш учун кредит ажратишда манзилли ёндашиш энг муҳим устувор вазифа қилиб белгиланди.

Йиғилишда ушбу муаммоларни манзилли ҳал этиш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимидаги долзарб вазифалар кўрсатиб ўтилди. Унга мувофиқ:

- ҳокимнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари – бандлик масалаларига; 
- солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари – ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга;
- ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга;
- туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқлари – уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга масъул этиб белгиландилар.

Йиғилишда таъкидландики, жорий йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

“Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини асбоб-ускуна билан таъминлаш, касб стандартларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

Шунингдек, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлиги муҳим йўналиш сифатида белгиланди.

Ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйилган вазифалар юзасидан барча мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.

Гулнисо САИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+