“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан суҳбатлашилди

14.07.2021 19:07:59

Куни кеча  “Адолат” СДП Бўстонлиқ туман Кенгаши  раиси Акром Сайдалиев  ҳамда туман Кенгаши депутати Бекзат Кененбаев Бўстонлиқ туман “Ватанпарвар” ташкилоти қошидаги Ғазалкент ўқув спорт  техника клубида бўлиб, “Ёшлар дафтари”га киритилган имтиёзли равишда “ВС” тоифада таҳсил олаётган ёшлар билан учрашди.

Учрашувда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича очиқ мулоқот бўлди.

Айтиш жоизки, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, она юртга содиқ, мард ва жасур қилиб камолга етказиш бугуннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш. Шундан келиб чиққан ҳолда “Ватанпарвар” ташкилоти ҳам тумандаги “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни ҳайдовчиликка ўқитиш бўйича бепул ўқув курслари ташкил этиб, мазкур  хайрли иш туман ҳокимлиги ҳамкорлиги ва ҳомийлиги остида амалга оширилмоқда.

Таълим ташкилотида ўттизга яқин олий тоифали ўқитувчи ва усталар томонидан уларга бириктирилган йигирмадан ортиқ юк ва енгил автомобиллар, шунингдек энг замонавий ўқув ва машқ техникалари ёрдамида ўқувчиларга таълим берилмоқда.  

Мулоқот давомида юримизда ёшлар келажагига берилаётган эътибор, ёшларнинг  келажак  ҳаётлари  учун ўқиш ва ўз иқтидорларини намойиш этишдаги шарт-шароитлар, шунингдек, партиянинг ғоявий мақсад ва вазифалари,  “Ёшлар қаноти” фаолияти ва туман миқёсида эришаётган натижалар ҳамда амалга оширилаётган ишлар бўйича масалалар ҳам муҳокама  қилинди. 

Шунингдек, тадбирда  мамлакатимизда  ёшларга  оид  давлат   дастури  доирасида  қилинаётган ишлар ва жорий йил сиёсий партия вакиллари учун ҳам сиёсий жараён эканлиги, ушбу жараёнда ёшларнинг фаоллигини янада ошириш кераклиги қайд қилинди.

–Мен ёшлигимдан автомобилларга қизиқаман, – дейди Мурод Маҳкамов. – Ҳайдовчилик касбини эгаллашни хоҳлайман. Лекин, оилавий шароитим тўғри келмаганлиги сабабли ҳайдовчиликка ўқиб, гувоҳнома олишга маблағ йиға олмаётган эдим. Аслида мени маҳалламиздаги ишлаб чиқариш корхонасига ҳайдовчилик лавозимига ишга таклиф қилишган. Фақат ҳайдовчиликка ўқиб, гувоҳномасини олиб борсам бўлди.  

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз барча ҳудудларида “Ёшлар дафтари”нинг юритилиши ҳар бир ўғил-қиз тақдири давлатимиз назоратида, эътиборида эканлигидан далолат. Ёшларни касбга, илмга йўналтириш эса халқимизнинг фаровон турмушини таъминлайди.

Мулоқот давомида бир гуруҳ хайрихоҳлар партия сафига аъзоликка  қабул  қилинди.   

 

                Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+