Ёшлар иқтисодиёт тармоқларининг истиқболи учун пойдевордир

09.02.2021 15:02:52

Маълумки, бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган асримизда ёшларни хар томонлама пухта билим эгаллаши, замонавий касб-ҳунар сирларини чуқур ўрганиши долзарб аҳамиятга эга. Бу эса иқтисодиёт тармоқларига малакали кадрлар етиштириб берувчи муассислар олдига ҳам муҳим вазифаларни қўяди. Замонавий касб-ҳунарга эга ёшлар мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянчи ҳисобланади. Зеро меҳнат бозорига муносиб касб эгаларини тайёрлаш ҳам бугун устувор масала саналади.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 27 январь куни Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб – хунарга ўргатиш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан ўтказган йиғилишида ҳам айни шу масала долзарб эканлиги қайд этилиб, бу борада аниқ ва манзилли вазифалар белгилаб берилди. Давлат раҳбари энг аввало ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик кўникмаларини оширишга, ёшларни касбга ўқитиш орқали малака тоифасини бериб, бўш иш ўринларига жойлаштириш мумкинлигига урғу берди.  Шунингдек, йиғилишда ёшларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришига тўсиқ бўлаётган долзарб муаммоларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар ҳам берилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра дунёдаги ёшлар сони шу кеча кундузда 1.3 миллиард нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 429 миллиони иш билан банд бўлса, 509 миллион ёшлар таълим билан машғул, бироқ 267 миллион ёшлар таълимдан, меҳнатдан узилиб қолган. Яъни дунёда ҳар беш нафар ёшлардан бири ишсиз ҳисобланади. Улар касбий маҳоратга ва даромадга ҳам эга эмас. Мавжуд муаммога ечиш топиш, вазиятни барқарорлаштириш учун ҳар бир мамлакатдан жиддий чоралар кўриш тақозо этилади. Бу масала мамлакатимиз учун ҳам жуда аҳамиятли, чунки ҳозирги кунда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан ошади. Бу кўрсаткич мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 55% фоизи демакдир. Ёшлар орасидаги расмий ишсизлик кўрсаткичи эса 17% ёки 844 минг нафарни ташкил этади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга муносабат бутунлай ўзгарди. Уларнинг таълим олиши, иш билан таъминланиши учун аниқ механизмлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Ёшларнинг бугуни ва эртасига боғлиқ муаммоларни ечимига қаратилган чора-тадбирларга жадал равишда амалга оширилмоқда. 2021 йилни  «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинишининг туб негизида ҳам чуқур маъно, катта бир истак мужассамдир.

Бугунга кунга қадар ишсиз аҳоли ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўрилмаган. Ҳозирда ёшларни банд этишда ишга солинмаган кўплаб имкониятлар мавжуд бўлиб, улар ёрдамида муаммоларга ижобий топиш мумкин. Шу сабабли, янги тартибга кўра ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимининг олтита ўринбосари ҳамда жойлардаги ташкилот раҳбарлари ўз фаолиятини ёшлар масаласида устувор вазифалар асосида ташкил этади.

«Ёшлар 1+1» лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 100 минг нафар йигит-қиз тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлади ва уларга имтиёзли кредит ажратиб берилади. Бунинг учун хар бир вилоятга 100 млрд. сўмдан ресурслар тақдим этилади. Ёшлар бандлигини таъминлашда, дехқончилик қилишлари учун ер ажратиб берилади. Мисол учун, хар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиб берилиши билан 10 мингдан зиёд ёшлар кафолатланган даромад манбаига эга бўлади.

2021 йилда ёшлар тадбиркорлиги ва бандлигини таъминлаш мақсадида 100 миллион доллар ажратиш, бундан ташқари ёшларнинг бизнес лойиҳаларини кредитлаш, ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш учун 1 трлн.сўм ва 50 миллион доллар ажратилганлиги ёшларга кенг имкониятлар эшигини очиб бериши баробарида келгусида жамиятда ўз ўринларини мустаҳкам эгаллаши учун замин яратиб беради.

Ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиши ва ушбу жамғармага 100 млн. доллар маблағ ажратилгани, энг муҳими ёшларнинг лойиҳаларига қулай шартларда ва паст фоизларда кредит берилиши каби чора тадбирлар аниқ ташаббуси бўлган янги-янги ғоялари билан юртимиз тараққиётига хисса қўшишга тайёр бўлган бутун бошли авлодни юзага чиқариши шубҳасиздир. Ёшларнинг бизнес билан шуғулланишига туртки берувчи амалий ташаббус ва янги механизмлар ёш авлодда кучли мотивация уйғотмоқда. Эртанги кунига ишонч бағишламоқда. Ёшларнинг истаклари ва имкониятлари бир нуқтада бирлашмоқда.

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

 ҳузуридаги Ёшлар комиссияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+