Янгиликлар 628
Ёшлар келажагимизнинг ишончли ворисларидир
Муносабат
Ҳар бир давр ёшларининг билим даражаси, дунёқараши, ўй-фикри, маънавий қиёфасига қараб ўша жамиятнинг эртанги кунини тасаввур этиш мумкин. Шу боис мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган вақт ичида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси ташкил қилинди. Ёш авлоднинг соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш, шунингдек, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган «беш муҳим ташаббус» лойиҳаси доирасида ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, 30 июнь санаси мамлакатимизда Ёшлар кун сифатида алоҳида белгиланди. Қолаверса, «Ҳаракатлар стратегияси», «Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси», «Ўзбекистон — 2030» стратегиялари доирасида ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган мақсад ва вазифалар белгиланиб, ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиб келинмоқда.
Хусусан, 2024 йил — «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури доирасида 1 мартдан бошлаб алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан «Ёшлар баланси» асосида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктириб берилган эди.
Ёшлар бириктирилган раҳбарлар ҳар ойда камида бир маротаба ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топиши, шунингдек, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиб келиши натижасида ҳозирги кунга қадар қийинчиликка дуч келган 420 минг ёшлар муаммоси ҳал этилиб, 65 мингини бандлиги таъминланди.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар сарҳисоби, янги вазифа ва таклифлар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда унда илгари сурилган ташаббуслар юртимиз ёшлари учун янги куч ва имкониятлар эшигини очади. Ёшлар билан очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтган учрашувда уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Ана ўшалардан бири, ногиронлиги бўлган ёшларга чет тилидан имтиҳон топширишнинг енгиллаштирилишидир. Жумладан, эндиликда чет тили бўйича миллий сертификат (CEFR) олишда қўлда ёзиш имконияти бўлмаганларга компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратиб берилади.
Яна бир муҳим жиҳат ёшларимиз халқаро олимпиадаларни назарий қисмида ҳар доим юқори натижаларга эришиб келади. Аммо, лаборатория машқларини бажаришда амалий кўникмалар кам бўлгани учун пастроқ балл олиб қолишмоқда. Шу боис, энди Президент мактаблари агентлиги қошида «Олимпиадаларга тайёрлаш маркази» очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади. Халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа аъзолари режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради.
Шу билан бирга, олий таълимнинг биринчи ва иккинчи курсларидаги фанлар техникумлар билан уйғунлаштирилади. Техникумда яхши ўқиган ёшларга халқаро классификаторнинг тегишли даражасига мос келувчи диплом тақдим қилинади. Уларга олийгоҳни иккинчи ёки учинчи курсдан ўқишни контракт асосида давом эттириш имконияти берилади. Касби бўйича малака даражаси ва икки йиллик стажи бор ёшлар корхона тавсияси билан контракт асосида олий таълимга қабул қилинади.
Энди олий ўқув юрти, вазирлик ва корхоналарга тегишли лабораторияларнинг ягона онлайн платформаси яратилади. Бундай илмий марказлар Тошкент техника, Самарқанд ва Урганч давлат университетларида ҳам ташкил қилинади. Ёш олимлар тадқиқотлари учун керак бўлган ускуна, бутловчи қисм ва кимёвий воситалар бождан озод қилинади.
Шунингдек, ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлиги тизимига ўтказилади. Лойиҳанинг тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнда кўмаклашилади. 14 та туман танлаб олиниб, «тўртинчи саноат» касбларига ўқитиш марказлари очилади.
Ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказларида «Креатив саноат парклари» ташкил қилиниб, уларга IT-парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади. Бу жойлар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади. Жамғарма бу ердаги ёшларнинг «стартаплари»га уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради.
Магистраль йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади. Бу жараёнда ёшлар дастлабки 6 ойда ижара ҳақи ва солиқларни тўлашдан озод этилади. Шунингдек, меҳнат ярмаркалари ташкил этиш орқали, 350 минг ёшлар ишга жойлаштирилиб, 100 минг нафари қурилиш ишларига жалб қилиниш орқали бандлиги таъминланади.
Яна бир муҳим ташаббус, бу — оғир шароитга тушиб қолган хотин-қизлар учун барча ҳудудларда 1 хонали ижтимоий уйларнинг қурилишидир. Улар ишга жойлашиб, «оёққа туриб олгунга қадар», ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаш ҳуқуқига эга бўлишади. Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизлар хонадонида касаначилик ёки масофавий иш билан таъминланади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.
Мухтасар айтганда, ушбу ташаббусларнинг амалга оширилиши ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни комил инсон сифатида етиши учун замин яратади. Ёшларга берилаётган бу каби эътибор, охир-оқибат, ўз мевасини бермасдан қолмайди, албатта. Буни бугунгача яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ёшларимизнинг халқаро ва республика миқёсида эришаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Махфират Хушвақтова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
"Адолат" СДП фракцияси аъзоси.
Манба: ЎзА
Фикрингизни қолдиринг