Ёшлар - мамлакат тараққиётида бебаҳо хазинадир

23.04.2021 17:04:48

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун  барча зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда.

Бундан оқилона фойдаланаётган эртамиз эгалари ўз истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиб, ҳамма соҳада юксак натижаларни қўлга киритишмоқда. Барчамизга маълумки, буюк келажак сари дадил одимлаётган жамиятдаги ислоҳотлар ва янгиланишлар юксак интеллектуал салоҳиятга эга, ғайратли, фаол аҳоли қатламига таянади. Туб янгиланишлар жараёнини бошидан кечираётган мамлакатимизда ана шундай маънавий, ижтимоий воқелик қадриятга айланганини ва Ўзбекистон ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда дунёга ибрат бўладиган тажриба тўплаганини халқаро ҳамжамият кўриб, кузатиб турибди.

Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Замон талабларини илғаш ва амалга ошириш, соҳа ва тармоқларни олға бошлашда бу жуда катта таянч, бебаҳо хазинадир.

Президентимиз томонидан 2021 йилни – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилиниши ҳам ёшларга қаратилаётган эътиборнинг нечоғлик катта эканлигидан далолатдир.

Давлатимиз раҳбари томонидан  жорий йил Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб берилган эди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таъкидланганидек, бу ишлар иккита муҳим йўналишда ташкил қилиниши зарур. Биринчиси – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўлса, иккинчиси – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдир.

Куни кеча Юртбошимиз томонидан имзоланган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ҳам юқоридаги масалаларнинг ечими ўз аксини топган.

Жумладан, Қарорда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳалари ва амалий тадқиқотлари натижалари рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Мазкур Қарор ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг мамлакатимиздаги узвийлиги ва узлуксизлигини яна бир бор исботлаб берди.

Қолаверса ушбу Қарор мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳар бир ёшни мустақил фикрлайдиган, жамиятда фаоллик кўрсатадиган, қийинчиликларни қўрқмасдан енгиб ўта оладиган шахс сифатида камолга етказишда,   Шу билан биргаликда, ёшлар масаласида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар учун дастури амал бўлиб хизмат қилади.

 

Маҳмуд ХОЛБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+