Ёшлар — мамлакат тараққиётининг таянчи

28.06.2021 18:06:16

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган бўлиб, ушбу тизим замон талабига кўра такомиллашиб бормоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганидан кейин имзолаган илк қонун ҳужжати “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўлди.

Бугунги кунга келиб, инсоният тарихида Ўзбекистон энг кўп ёшлар қатламига эга эканини инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотнинг минбаридан туриб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифини илгари сургани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди.

Ёшлар масаласи 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўзнинг муҳим кучига эга бўлди. Бинобарин, ушбу ҳужжатда ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қуйидаги устувор вазифалар белгиланган:

- жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;

- ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этиш;

- ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш.

Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 27 июнда имзоланган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармон ёшлар масаласига доир чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Мазкур ҳужжат билан “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ташкил этилди ва ушбу жамғарма ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериши белгилаб қўйилди.

Шу мақсадда мамлакатда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, мактаб таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта жорий этилди. Вилоятларда янги олий таълим муассасалари, илмий ва ижодий марказлар ташкил этилди. Олий ўқув юртларига қабул квоталари сезиларли даражада кенгайтирилди. Сиртқи ва кечки олий таълим шакллари тикланди. Мамлакатимизда 15 дан ортиқ ривожланган давлатларнинг нуфузли университетлари филиаллари очилди ва фаолияти йўлга қўйилди.

Бу борада Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус ёшларни маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, уларда замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бўлиб, Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси сифатини оширишга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлди.

2020 йил 29 декабрь куни давлатимиз раҳбари ўзининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилни Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилди. Шу мақсадда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларга асос солинди. Бунда қуйидагилар устувор вазифа этиб белгиланди:

- ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўйиш, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш;

- ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш;

- ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратиш.

Шунингдек, Мурожаатномада келгуси йилларда боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароитларни яратиш, мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотларни давом эттириш, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сонини камида 25 фоизга ошириш, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари устувор этиб белгиланди.

2020 йилнинг август ойида Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилди. Шубҳасизки, ёшлар парламентаризми ёшларга оид давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда ёшларнинг бевосита иштирокини таъминлайдиган самарали механизмдир.

Ёшлар парламентаризми мамлакат ва ҳудуд раҳбарияти билан тўғридан-тўғри алоқа воситаси ҳисобланади. Унинг мақсади ҳаётий фаолият масалаларининг ечимида ёшларни бирлаштириш, ёшлар ташкилотининг қонунчилик ва ижро ҳокимияти билан ҳамкорлигини таъминлашдан иборат. Ёшлар парламентаризми – ёшларни давлат ва унинг минтақалари ишларини бошқаришда иштирок этишга жалб қилишнинг мумкин бўлган шаклларидан биридир. Ёшлар парламенти, аслида ёш сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ва фуқаролик позициясини оширишнинг янги шакли ҳисобланади.

2020 йил 12-13 август кунлари Халқаро ёшлар куни муносабати билан “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ташкил этилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми бўлиб ўтди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ёшлар масаласини кўтариб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни яратиш ва уни қабул қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Инсониятнинг барча қатламларига тегишли ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи норматив ҳужжатлар қаторида ёшлар билан боғлиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг йўқлиги бунга асосий сабаб бўлди. Шунга кўра, Ўзбекистон Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу жараёнда ёшлар масаласига бағишланган жаҳон тажрибаси кенг миқёсда ўрганилди. Конвеция лойиҳасини ишлаб чиқишда бугунги кунда БМТ ва у билан боғлиқ халқаро тузилмалар томонидан ёшлар ва ёшлар сиёсатига оид 30 дан ортиқ универсал ҳамда минтақавий ташкилот (Африка Иттифоқи, Америка давлатлари ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва бошқалар) доирасида 20 дан зиёд халқаро ҳужжат эътиборга олинди. Самарқанд форуми ушбу лойиҳанинг энг йирик муҳокамасига бағишланди.

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда. Ушбу фестиваль 30 июнь – Ёшлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббуси доирасида ташкил этилган.

Ёшлар куни муносабати билан юртимиздаги барча давлат ва нодавлат ташкилотларда ёшларни янада фаолликка чақириш, уларнинг билим ва имкониятларини намойиш этишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида ёш ижодкорларнинг асарларидан тузилган маърифий тадбирлар ҳам шулар жумласидандир.

Ёшларнинг жўшқинлиги ва шижоати мамлакат тараққиётида беқиёс куч ҳисобланади. Ёш авлоднинг қалбида ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш, келажакка бўлган ишончини ошириш, жамиятда ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлиши учун кенг имконият яратиш азалий миллий анъана ва қадриятларимизнинг умрбоқийлигини таъминлайди, албатта.

“Ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир”, – дейди давлатимиз раҳбари бугунги кунда юзага келган глобал миқёсдаги шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда. Ёшларнинг эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларнинг ўзига имконият яратиш катта аҳамият касб этади.  

Зеро, Президент Шавкат Мирзиёевнинг: “Биз ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки ушбу сиёсатни энг устувор вазифамиз сифатида бугун замон талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз”, - дея айтган сўзлари замирида Учинчи Ренессанс пойдеворини қўяётган Ўзбекистон давлатининг эртанги истиқболини таъминлаб берувчи асосий куч мужассамдир.

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+