Янгиликлар 1718
Ёшлар — мамлакатимиз келажагининг пойдевори
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимда ёшларга қарата ўз маърузасини йўллади.
Шуни таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг нутқида ёшлар ва уларнинг истиқболи юзасидан кўрсатилган чин маънодаги ғамхўрлик туйғусигина эмас, балки том маънода ўзбек миллатининг тақдирига нисбатан куюнчаклик ҳисси ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўтказилишида ўзига хос рамзий маъно бор. Мамлакатимизнинг сўнгги 30 йилида юртимиз учун муҳим жараёнлар бўлиб ўтди ва ҳозир ҳам бўлиб ўтмоқда. Сўнгги 30 йил ичида мустақиллигимизнинг мустаҳкам бўлиши учун юртимизда яшаб меҳнат қилаётган ҳар бир инсон ўзининг муносиб улушини қўшди. Ҳар бир инсон ўз қалбининг бир парчасини мустақиллигимиз учун бағишлади. Шу боис ҳам, ушбу улуғ байрамни бутун аҳоли бирдек нишонлайдиган бир даврда ёшлар ҳам ўзаро бирлашиб, тантаналарнинг илк қадамини бошлаб беришди.
Давлат раҳбари ўз маърузасида ёшларга юзланар экан, ўз ҳаётида юксак чўққиларга эришиб улгурган ва ўзининг порлоқ истиқболи йўлида саъй-ҳаракатларини аямай меҳнат қилаётган ёшларни номма-ном санаб ўтди. Бугунги кунда ҳукумат даражасида меҳнат қилаётган, шунингдек, мактабни битириб улгурмасдан хорижнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган ёшларнинг барчаси Президентимизнинг шахсан назорати ва ғамхўрлиги остида эканини англаш ҳар бир йигит-қиз учун фахр-ифтихорга айланди, албатта.
Давлатимиз раҳбари ёшларимизнинг бундай шижоатини кўриб, юртимизда ёш авлоднинг янада ўсиб равнақ топиши учун янги истиқбол режаларини илгари сурди.
Мана шундай режалардан бири миллатимизнинг буюк мутафаккирларига муносиб ворис тарбиялашда муҳим поғона бўладиган “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” каби кўрик-танловларни таъсис этиш ҳамда ғолибларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйишни таклиф этди.
Давлатимиз раҳбарининг нутқида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда ёш депутатларнинг улуши 6 фоиздан ошиқ экани таъкидланган ҳолда, эндиликда Парламентлараро иттифоқ кўмагида “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббус амалга оширилади. Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизлар миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этилади. Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизлар бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилади. Шу билан бирга, маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади. Шунингдек, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантириш жараёни бошланади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати борасида амалга оширилган ислоҳотларга доир ижобий натижаларни келтириб ўтар экан, мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 127 тага етказилгани, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилгани, шунингдек, кейинги 5 йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилгани, бу эса умумий қамровнинг 28 фоизини қамраб олишини мамнуният билан келтириб ўтди. Дарҳақиқат, Давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани ёшларимиз келажагини таъминлашга қаратилган амалий эътиборимиз намунасидир.
Давлат раҳбарининг доимий назоратида турган масалалардан бири – ёшлар бандлигидир. Бу борада Президент ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиётини йўлга қўйиш бўйича қатор вазифаларни санаб ўтди. Унга кўра, олий маълумот талаб этадиган касб ва лавозимлар қайта кўриб чиқилади ҳамда уларнинг камида 150 таси бўйича бундай талаб бекор қилинади. Бундай енгиллик туфайли 10 мингдан ортиқ ёшлар ишга жойлашади. Мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Ёшларга бериладиган имтиёзли кредитлар ва лизинг асосида 50 мингдан зиёд енгил конструкцияли замонавий автосервис, маиший хизмат, чакана савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари барпо этилади. Жорий йил якунига қадар Қорақалпоғистон, Андижон, Самарқанд, Сирдарё ва Навоий вилоятларида ёшлар технопарклари фойдаланишга топширилади.
Давлат раҳбарининг доимий эътиборида турган яна бир масала – ёшларнинг илму маърифатга бўлган лаёқатини қўллаб-қувватлашдир. Бу борада Президент амалга оширилиши керак бўлган вазифаларни келтириб ўтди. Унга кўра, иқтидорли, лекин олийгоҳда контракт асосида ўқиш имконияти бўлмаган ёшларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилади. Ёш оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиши мақсадида ипотека дастури доирасида уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга қўшимча 2 мингта квота ажратилади ва ушбу мақсадлар учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, ёш оилаларнинг ипотека кредитини қайтаришга тўлаган маблағлари даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади.
Бугунги кунда давлат раҳбари ёшларнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, маданий савияси хусусида жуда кўп куюниб гапиради. “Ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантириш доимий эътиборимиз марказида бўлади”, - деди Президент. Давлат раҳбари “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танловини ўтказиш йўлга қўйиш ҳамда муаллифларни муносиб рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш бўйича амалий таклифларини берди.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, оилавий ажралишлар, бузғунчи ва радикал оқимлар таъсирига тушиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Парламент палаталари соҳа мутасадди раҳбарлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уларнинг ҳисоботларини эшитиб бориш тартибини жорий этиши, ҳукумат эса шу асосда уларнинг ваколатларини кенгайтириш, иш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириши кераклиги таъкидланди.
Уюшмаган ёшларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳал қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва спортга жалб этишга устувор аҳамият қаратиш, шу мақсадда Мудофаа вазирлиги ҳузурида “Ватан ўғлони” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш ҳақидаги ташаббус давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланди. Мудофаа ва Халқ таълими вазирликлари вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга, ушбу тизимни самарали йўлга қўйишга масъул этиб белгиланди.
Маданият, санъат, илм-фан, таълим соҳасида ўз иқтидорини намоён этаётган ёшлар учун зарур шароитларни яратиш мақсадда Бўстонлиқ туманида, Ўзбекистон металлургия комбинатининг “Ёшлик оромгоҳи” негизида йил давомида фаолият юритадиган Республика иқтидорли ёшлар оромгоҳи ташкил этилади. Бу масканда, ёшларимиз йил давомида аниқ фанлар билан бирга, бадиий адабиёт, тасвирий санъат ва мусиқа бўйича ҳам билим ва малакасини оширади. Ҳар йили ушбу йўналишлар бўйича туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида фестиваллар ташкил этилади.
“Ёшларга бераётган эътиборимиз натижалар бераётганини кўриб, хурсанд бўлдим. Бугун ҳеч бир соҳа йўқки, ёшлар муваффақиятга эришмаётган бўлса. Ёшларнинг йўлини очиб берсак, уларга елкадош бўлсак, янада улкан натижаларга эришамиз. Менинг энг катта ишонган кучим, давлатимизнинг энг катта бойлиги - бу ёшлар”, - деди Президент.
Давлат раҳбари ҳар бир йигит-қизга ўзининг алоҳида меҳр-оқибати ва ғамхўрлигини билдирар экан, байрам тантаналари муносабати билан бир гуруҳ илғор ёшларни юксак мукофотлар билан тақдирлади ва келажак учун эзгу ниятларини билдирди.
Ойдин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг