Янгиликлар 1213
Ёшлар муаммодан ҳоли яшаши керак
Кейинги вақтда республикамизда ёшлар масаласига бўлган эътибор янада ортди. Давлатимиз раҳбарининг Янги Ўзбекистонни ёшлар билан қуриш йўлидаги ташаббуси келажак авлод билан ишлашда масъулиятимизни оширди. Айтиш мумкинки, бу борада маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан сезиларли ишлар амалга оширилмоқда.
Халқ депутатлари Жалақудуқ туман кенгашидаги «Адолат» СДП Депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам йил бошида «Ёшлар муаммодан ҳоли яшаши керак!» деган шиор билан чиқди. Айни шу мақсадда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда йигит-қизларнинг таълим олиши, касбга йўналтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этилиши ўрганилди. Бунда тарбияси оғир ёшлар ва жанжалкаш оилаларнинг фарзандлари алоҳида назоратга олинди.
Ёшлар билан ишловчи ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар ва ўрганишлар асосида уларнинг ичига кириб борилди. Бунда «Адолат» СДПнинг «Ватан келажаги ёшлар қўлида!» лойиҳаси асосида ташкил этилган тадбирлар уларни ватанпарварликка чақирди, иқтидорли ёшларнинг қизиқишларини оширди.
Таъкидлаганимиздек, ёшларни қийнаётган муаммоларнинг ечимини топиш депутатларнинг бош мақсади. Биргина депутат Маликахон Абдуллаева томонидан йилнинг ўтган даврида ёшлар билан боғлиқ 30 дан ортиқ муаммо ҳал этилгани қувонарли.
Энг оғриқли масала-ишсизлик. М.Абдуллаева ҳам МФЙларда биринчи навбатда шу масалани ўрганди. Вақтинча ишсиз йигит-қизларнинг 14 нафари унинг кўмагида бандлиги таъминланди. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг фарзандлари бўлган 16 нафар ёшларга 10 сотихдан ер ажратиб берилди. Ҳозирда улар деҳқончилик билан банд.
Хумоюн Макашев спортга ошно, ҳарбийликка қизиқувчи йигит. Йигитлик бурчини ўташни ўз бурчи деб билади. Айни шу масалада депутатга мурожаат қилди. Масала ўрганилиб, унинг ҳарбий хизмат қилиши учун тўлов амалга оширилди. Шоҳруҳ Зулунов илм йўлини танлади. Бироқ оилавий шароити сабаб олийгоҳда ўқиш учун тўлов уни қийнаётганди. Халқ вакилининг аралашуви билан у талабага айланди.
Фуқаро Мўътабар Зокирова турмушидан ажрагач уй муаммоси юзага келди. Фарзанди билан қаерда яшайди? Унинг мурожаати атрофлича ўрганилди ва депутат ёрдами билан субсидия ажратилиб, уйли бўлди.
Юқоридагилар, албатта, бир депутат фаолиятидан. Партиямиздан сайланган ҳар бир депутат фаолиятида ёшлар сиёсати кенг ўрин эгаллайди. Буни уларга эргашиб, сафимизга қўшилиш истагидагилар сони ошиб бораётгани ҳам кўрсатиб турибди.
Барнохон Бозорова,
«Адолат» СДП Жалақудуқ туман Кенгаши раиси.
Фикрингизни қолдиринг