Ёшлар парламенти аъзоларининг таклифи ҳукуматга тақдим этилмоқда

15.12.2020 16:12:04

Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентидаги фракциясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тарафидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги «Меҳнат кодекси» лойиҳасининг аксарият моддалари бўйича таклифлар илгари сурилди. Жумладан, ўсмир ёшдаги болалар меҳнати ҳуқуқларининг тартибга солиниши бўйича меъёрий аниқ ечимлар берилди. Шунингдек, ўқув муассасаларида ўқиш билан бир вақтда иш фаолиятини давом эттираётган талабалар меҳнати бўйича назарда тутилган айрим камчилик ва ҳолатларга тузатишлар киритиш лозимлиги муҳокамалар жараёнидан ўрин олди.

Конференция давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига «Адолат» социал-демократик партияси ташаббуси сифатида тақдим этиш учун таклифлар ҳам ишлаб чиқилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш, таълим соҳасини рақамлаштириш ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини такомиллаштириш билан боғлиқ муаммолар юзасидан ҳам таклифлар кўриб чиқилди. Таклифларда асосан, бугунги пандемия шароитида аниқ юзага келган соғлиқни сақлаш соҳасидаги камчиликлар, тиббиёт соҳасини модернизациялашни кучайтириш ҳамда рақамлаштиришни тезроқ амалиётга жорий этиш, жарроҳлик операцияси вақтида юз берадиган турли хил кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун аниқ механизмларни ишлаб чиқиш бўйича муҳим таклифлар айтиб ўтилди. Таълим соҳасида масофавий таълимни кучайтириш, масофавий таълимни жорий этишда юзага келадиган камчиликларини бартараф этиш ҳамда мобил-алоқа сифатини яхшилаш бўйича ҳам ёшлар парламенти аъзолари томонидан долзарб таклифлар билдирилди. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солиш зарурати юзага келиши мумкин бўлган турли кўнгилсизликларнинг олдини олишда муҳим қадам бўлишига урғу берилди. Йўл белгиларининг жойлашиш тартибини қайта кўриб чиқиш, керакли жойга светафор ўрнатилмаганлиги ёки бузилганини вақтида таъмир этилмагани учун ҳуқуқий жавобгарликни жорий этиш каби таклифлар қонун лойиҳасига олиб кирилди.

Мажлис якунида кун тартибидан ўрин олган фракция аъзоларининг қабул қилинган қонун ҳужжатлари юзасидан оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда илмий-оммабоп мақолалари билан чиқишларини таъминлашга доир механизмни жорий этиш масаласи ҳам муҳокама этилиб, иштирокчилар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+