Янгиликлар 1965
“Ёшлар парламенти” фаолияти ҳар жиҳатдан самарали бўлиши учун...
Хабарингиз бор, 2020 йилда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузурида «Ёшлар парламенти» фаолияти йўлга қўйилган эди.
Жорий йилнинг 12–17 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари учун ўқув курслари ташкил этилди ҳамда ёшларимизнинг ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини ошириишга аҳамият қаратилди.
Ўқув курсининг дастлабки кунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д.Ташмуҳаммедова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори – A.Бекмурадов иштирок этиб, Сенат ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоларининг келгусидаги фаолияти янада самарали бўлиши учун мазкур ўқув дастурнинг зарурати ҳусусида сўз юритдилар.
Ўқув машғулотлари давомида Murad Buildings, Nestone сингари кўплаб лойиҳалар асосчиси, тадбиркор Мурод Назаров билан “Мақсадга эришиш сирлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ёшлар бу инсонни нафақат кучли тадбиркор балки, етук шахс сифатида ҳам яқиндан билиб олишди. Ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олишди. Мунозара ва музокараларга бой бўлиб ўтган мазкур учрашув ёшларга чинакамига кўтаринки руҳ бағишлади.
Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Туйчиев томонидан "Ёшлар стартаплари ҳамда илм-фан ва инновациялардаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш" мавзусидаги семинари ҳам барчада катта қизиқиш уйғотди. Семинар давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар, инновацион ғояси ва стартаплари мавжуд бўлган, энг чекка ҳудудлардаги ёшларни ҳам излаб топиб, уларни ғояларини ишлаб чиқиш, оммага тақдим этиш, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш масалаларида “Ёшлар парламенти” аъзолари ҳамкорликка чақирилди. Aдлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳамда меҳнат органлари малакасини ошириш курслари директори Умар Султонов семинарлари баҳс ва мунозараларга бой бўлди. Бир сўз билан айтганда, керакли билим ва кўникмаларни олдик.
Бундан ташқари, Хилтон меҳмонхонасида "Жамоа билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш" (Team building) мавзусида ЮНИCЕФ томонидан уч кунлик семинар-тренинг ташкил этилди. Тренер Мирсаид Узақов бошчилигида жамоа билан ишлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган турли интерактив ўйинлар ўтказилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб, Биринчи Президентимизнинг эришган барча ютуқ ва натижалари ҳақидаги машҳур ҳайкалтарош ва рассомлар асарларидан баҳраманд бўлдик. Мен каби ҳар бир иштирокчи бу саёҳатдан мамнун эди. Чунки ҳар биримиз Биринчи Президентимизни чиндан яхши кўрамиз ва хотирасини доимо қалбимизда сақлаймиз.
Ўқув курсининг якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси – Б.Сайфуллаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори – A.Бекмурадов томонидан дарсларни муваффақиятли тамомлаган аъзоларга махсус сертификатлар топширилди. Тенгдошларим қатори менга ҳам сертификат олиш насиб этди.
Азамат АБДУРАҲМОНОВ,
Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси
Фикрингизни қолдиринг