Янгиликлар 1294
«Ёшлар парламенти»даги адолатчиларнинг ҳисоботи эшитилди
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти»га сайланган аъзоларининг 2021 йил фаолиятига доир ҳисоботи эшитувига бағишланган онлайн шаклдаги конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари, партия Марказий аппарати ҳамда ҳудудий Кенгашлар ходимлари, партиянинг «Ёш адолатчилар» қаноти Кенгаши раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, фаол ёшлар ва ОАВдан вакиллар иштирок этишди.
Тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, «Адолат» СДПдан «Ёшлар парламенти»га сайланган аъзоларнинг ўз ҳудудларида ёшлар билан 2021 йил давомидаги фаолиятига танқидий-таҳлил ёндашган ҳолда баҳо берилди.
Бугун юртимизда ёшлар билан ишлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, қонун ижодкорлиги фаолиятига ёшларни кенг жалб қилиш, қонунларда ёшлар манфаатларини акс эттириш, уларнинг фаоллиги ва жамиятдаги иштирокини янада ошириш, чекка ҳудудлардаги ёшлар овозини ҳам парламентда эшитилишини таъминлаш каби устувор вазифалар ёшлар парламентига сайланган аъзолар олдида турган долзарб масалалардандир.
Хусусан, Ёшлар парламенти таркибидаги адолатчи ёшлар ташаббуси билан 2021 йил давомида Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳаларининг 87 таси юзасидан тайёрланган таклифларнинг 27 таси қонун лойиҳаларини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинди.
Партиядан сайланган «Ёшлар парламенти» аъзолари томонидан ўзлари сайланган ҳудудларида ёшлар билан жами 98 та ўрганиш тадбирлари, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва тарғиботига бағишланган 38 та ўқув-семинарлари ва конференциялар ташкил этилди. Жумладан, «Ёшлар парламенти» аъзолари ташаббуси билан 2021 йилнинг 14 июлда Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан ёшларни интернет ва ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишга чақириш ва уларнинг ёт ғоялар таъсирида заҳарланишдан ҳимоялашга қаратилган «Ёш адолатчилар» форуми ташкил этилди. Форум доирасида ёшларни ижтимоий тармоқлардан ҳимоялаш мақсадида Ўзбекистон ёшларига партиянинг мурожаати йўлланди.
Шунингдек, «Парламент ва ёшлар» мавзусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан «Очиқ мулоқот» «Адолатнинг лидер ёшлари», «Сиёсий лидер ва ёш депутатлар» мавзусида учрашувлар, «Қонун ижодкорлиги ёшлар нигоҳида» каби мавзуларда жами 450 маротаба тадбирлар ўтказилиб, ушбу тадбирларга 21 480 нафар ёшлар қамраб олинди. 280 маротаба ОАВ ёритилди.
Қолаверса, «Халқаро коррупцияга қарши курашиш» куни муносабати билан «Биз ёшлар – коррупциясиз келажак тарафдоримиз!» шиори остидаги тадбир, сайлов жараёнларни оммалаштириш мақсадида «Сайловлар соҳасидаги ислоҳотларнинг янги даври», “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар», «Сайловда менинг овозим муҳим», «Келажагим учун овоз бераман», «Биринчи маротаба сайловда иштирок этаман» номли челленжлар, 300 га яқин учрашув ва тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирларда юз мингга яқин ёшлар қамраб олинишига эришилди.
Эътиборлиси, конференция жараёнида жорий йилда бўлиб ўтиши кутилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти»га сайлов жараёнлари хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилиб, жараёнларни самарали ташкил этиш юзасидан фаолларнинг таклифлари тингланди.
Конференция якунида партия томонидан «Ёшлар парламенти»га сайланган аъзоларнинг келгусидаги фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган режалари билан таништирилиб, берилган ахборотлари маълумот учун қабул қилиниб тадбир иштирокчилари ва ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.
«Адолат» СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг