“Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарлари реал маълумотларга асосланиши керак

13.10.2020 20:10:52

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 20 август куни  иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарга қўшимча заҳира яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида урғу берилган эди. Ишсиз ёшлар бўйича «Ёшлар дафтари», ишсиз ва боқувчиси бўлмаган хотин-қизлар бўйича «Аёллар дафтари» рўйхатлари шакллантириб, ҳар бири билан янги тизим, янгича тартибда  тизимли ишлаш муҳимлиги таъкидланганди.

Айтиш  жоизки, бу тизимнинг шаклланиши ўз навбатида маҳаллаларда ишсиз ёшлар ва аёллар сони ва уларнинг шарт-шароитлари ҳақида аниқ статистик маълумотларга эга бўлишга сабаб бўлади. Шу билан бирга,  уларнинг касбий салоҳияти, имкониятларини яқиндан ўрганишга хизмат қилади.

Аммо “Ёшлар”, “Аёллар” дафтарларининг тузилишида бир жиҳат эътиборга олиниши жуда муҳимдир. Сир эмаски, айрим фуқароларнинг ҳаётида муҳим рол ўйнайдиган мазкур “дафтарлар” тузилишида  аввалдан мавжуд бўлган маълумотларга асосланилади. Аслида бу маълумотлар қанчалик ишончли кўринмасин, маҳалладаги ҳолат реал акс эттирилиши лозим. Чунки рўйхатга олинган фуқароларнинг шароитларини ўнглаш ва моддий рағбатлантириш мақсадида қатор имтиёзлар берилади. Бугунги кунда аксарият хонадонларларда ўзгаришлар мавжуд, жумладан, пандемик вазият туфайли кимдир боқувчисидан айрилган, кимдир ишидан. Агар маҳалла фаоллари ёшлар ва аёллар билан индивидуал суҳбатлашиб, реал ҳолатни “дафтарлар”га  киритсалар,  уларнинг иқтидори, салоҳияти, имконияти, қайси соҳага йўналтириш зарурлиги, касбга ўқитиш керакми  ёки  кредитга эҳтиёжи борми - барчаси маълум бўлади.

 Аслини олганда  иш топаман деган ёшлар томорқа билан банд бўлиб ҳам ўз кунини кўрадилар. Лекин бу билан чекланмайдиган мақсадлари улуғ  тенгдошларимиз, қанийди бирор кўмак бўлсаю, шу соҳани ривожлантираман деган шижоатли хотин-қизларимиз оз эмас. Белгиланган тартиб асосида “дафтарлар”га киритилиши ниятларининг ижобатини беради, шубҳасиз. Маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан имтиёзлар тўғри йўналтирилса, самарадорлик ҳам шунга яраша бўлади, албатта.

 

 Камола  ПОЛВОНОВА,

   Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+