Янгиликлар 816
Ёшлар – Ватаннинг қудратли имкониятлари
Ёшлик - иштиёқлар, қизиқишлар, орзу-ҳаваслар интилишлар ва имкониятлар даври. Юртимизда бу фазилатлар аниқ йўналиш ва мақсадларга асосланган бўлиши учун ёш авлодга барча имкониятлар эшиклари очиб берилди. Бошқача қилиб айтганда, ёшларнинг инновацион лойиҳалари, ихтиро ва ишланмалари тўлақонли ва ёрқин намоён этилиши борасида барча шароитлар мунтазир. Сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, мафкура, маънавият ва маърифат муассасалари фаолияти кўлами тобора кенг тус олиб, миллий истиқлол ғояларига мос янги-янги анъаналар ижтимоий ҳаётимизга чуқур сингиб боряпти.
Айни пайтда, ёшлик – танқидлар даври. Бунда кимдир катталар эътирозини эмас, ўз қарашларини тўғри деб ҳисоблайди, кимдир танбеҳларга бағри кенг, аммо шу кайфият таъсирида ўз ғоялари, фикрларини юзага чиқаришга чўчир, балки ийманар. Қарангки, баногоҳ йиллар алмашинуви, замона ўзгариши катталар ва ёшларнинг ўзаро қарашларини қабул қилолмай, эркинлик жиловини талашиб, ким зўрлик домига тушиб қоладилар.
Ёшларнинг сиёсий камолотга эришиши, уларнинг мустақил фикрлаши, масъулиятли, сиёсий хулосалар чиқаришга имконият яратилиши таълим-тарбия ишларининг фаол андоза ва шаклларига кенг йўл очди. Талабаларга яратилган эркин мулоқот майдони ва улар билимларининг ҳаётга бемалол татбиқ этилиши мустақил фикрловчи талаба феноменини юзага келтирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ёшларга “замонамизнинг ёш қаҳрамонлари” дея таъриф берилди. Бундан буён ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг бош мақсади, аввало, ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишга қаратилиши кераклиги таъкидланди. Шунингдек, давлат раҳбари томонидан ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантириш тилга олингани илм-фан тараққиёти йўлида айни муддао бўлди.
Сўз мулкининг султони, мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг таъбирича, ақл, илм инсоннинг энг гўзал ва зарурий фазилатларидан бири, ҳар бир кишининг энг муҳим бурчи илм олишдир. Айрим ёшлар томонидан ижтимоий тармоқларда тарқтилган беўхшов қилиқлар аввало илмсизлик, билим олиш билан банд бўлмасликнинг оқибатидир. Агар улар олтинга тенг вақтларини, ёшликка хос жўшқин ғайрат-шифжоатларини илм олишга, ҳунар ўрганишга, мақсадли меҳнатга сарфлаганларида, бутун оммада салбий таассурот қолирувчи номақбул ҳатти-ҳаракатларга ўрин қолмайди.
Ҳар қандай жамият ва миллатнинг давомийлиги унинг таркибидаги ёшлар нисбатига боғлиқ. Футуролог Олвин Тоффлернинг таъбири билан айтганда, биз – бугунги инсоният, 800-авлодмиз. Комил инсонни, Ницше таърифидаги “аъло одам”ни тарбиялашга бугунги замоннинг эҳтиёжи юқори.
Ўғил-қизларимизни эл-юртимизга муносиб фарзанд, эртага Ватанимизнинг ҳақиқий фуқароси бўладиган инсонлар этиб тарбиялаш, аввало, оила бағрида, унинг соғлом муҳитида, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида шаклланишини ҳаммамиз яхши англаяпмиз.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни ҳар хил зарарли ва заҳарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хатарлардан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор.
Бугун юртнинг, жамиятнинг, давлатнинг барча умиди ёшларга қаратилган. Шу ишончни оқлашга ҳар бир ўғил-қиз қобил ва қодир. Энг муҳими, уларнинг кўнгли ва қалбига кира бориш, уларнинг имкониятларини ҳаётга сингдириш – мана энг долзарб масала!
Давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларда ёшлар асосий қаҳрамон мақомида таъриф ва тавсифланаётгани шунинг учун ҳам бежиз эмас. Умид шуки, бугун уларга йўналтирилаётган сармоя келажакнинг тотли меваси бўлиб хизмат қилажак.
“Адолат” СДП ҳам ўз фаолиятида ёшлар масаласини устувор вазифалари қаторига киритган. Барча даврлардаги сайловолди дастурларимизда ёшларга оид ислоҳотларга алоҳида ўрин ажратилган. Айниқса, бугунги шиддатли замонда ёшларни асосий таянчимиз ва суянчимиз деб биламиз. Улар мақсадларимизга эришишда етакчи кучдир!
“Ёшлар куни” муносабати билан юртимизда истиқомат қилаётган барча ўғил-қизларни самимий муборакбод этаман! Йўлингиз очиқ, юзингиз ёруғ, мақсадларингиз ижобат бўлсин, азиз ёшлар!
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг