Ёшларга ер майдонлари: Бандлик, моддий манфаатдорлик, фаровон ҳаёт

26.03.2021 19:03:35

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ишсиз “Ёшлар дафтари”га киритилган  эртамиз эгаларига ер майдонлари ажратилди.  Бу албатта, уларнинг бандлигини таъминлаш, моддий даромад олишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Фарғона вилоятида ҳам 14 мингдан зиёд ёшларимизга  салкам 2 минг гектар ер майдонлари  бўлиб берилди. 

Ривожланган давлатлар тажрибасига таянадиган бўлсак, бу амалиёт Хитойда ҳам қўлланилган бўлиб, ўзининг ижобий натижасини берган. Миллионлаб ҳаёт учун курашаётган деҳқонларга ер берилиши ислоҳот моторини ишга тушириб юборган. Қишлоқ оилаларини иқтисодий фаол қатламга айлантиришга эришилган.

Хитой ҳукумати қишлоқларни ислоҳ қилиш йўлида аввало, ерларни оилаларга бўлиб берди, деҳқонларнинг фаоллашуви эса соҳада ижобий ўзгаришларни юзага келтирди. Умуман олганда, Хитой қишлоқларида ўтказилган ислоҳот кичик хўжаликларни ҳар томонлама ривожлантириш замирида улкан салоҳият борлигининг ёрқин намунасига айланган. Зеро, аграр соҳадаги ҳар қандай ислоҳот бошқа барча тармоқларнинг ривожига хизмат қилади, сиёсий ва ижтимоий барқарорликни таъминлайди.

Айтиш мумкинки, Хитойдаги ҳолат бугун бизнинг мамлакатимизга ҳам хосдир.  Юртимизда миллионлаб ўз Ватанида, болалари ва ота-онаси олдида яшаб, ишлашни истайдиган (аммо чет элда ишлашга мажбур бўлаётган, ўзга иқтисодиётларга арзон ишчи бўлиб хизмат қилаётган) қишлоқ ёшлари талайгина. Минглаб тадбиркорлик (деҳқончилик) иқтидорини ўзида олиб юрган ёшларимиз «қора ишчи» тамғасини кўтариб ўзга юртларда меҳнат қилмоқда. Ҳолбуки, бундай тоифа ёшлар ҳар қандай миллатнинг бебаҳо бойлиги саналади ва уларга имкон бериш керак. Давлатимиз раҳбари  томонидан мазкур жиҳатлар  инобатга олиниб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби тизимларни йўлга қўйилиши  ва  амалга оширилиши   фуқаролар, оилаларнинг реал   шароити, ҳолати билан танишиш имконини берди. Иш билан таъминланмаган  аҳоли қатлами, айниқса ёшларни банд қилиш орқали турмуш фаровонлигини юксалтириш мақсадида уларга ер майдонлари ажратилиши қишлоқ оилаларининг имкониятларини оширишга хизмат қилади.   

Ўз еринг бўлиши яхши экан,  – дейди   Қўштепа тумани “Катта Бешкапа” МФЙда истиқомат қилувчи Ғайратжон Мухторов. – Давлатимиз томонидан биз ёшларга берилган имтиёзга асосан “Ёқуб ота” фермер хўжалигидаги тайёр буғдой унган ердан 10 сотих ажратиб берилди. Ҳосил пишгач, буғдойи ҳам, сомони ҳам ўзимизники бўлишини эшитиб, ҳурсанд бўлиб кетдим. Буғдой ҳосилини йиғиштириб олгач, ўрнига сабзи экмоқчиман.   Меҳнатим билан  ер унумдорлигини ошириб,  халқимиз дастурхонига сара маҳсулотлар етказиб, оиламиз даромадига ҳисса кўшиш ниятидаман.

Нафақат Ғайратжон, Абдукамол Азамов, Азизбек Неъматов, Тоҳир Собиров, Элёр Мўминов сингари  минглаб ёшларимиз бугун  ишсизликдан қутилиб, кичик ер эгаларига айланганлиги қувонарлидир.  Улар ўз ҳаётларининг моддий таъминотчиси сифатида меҳнат камарини белига боғладилар. 

Аммо айтиш керакки, ёшларга ер бериш масаласи ҳозиргидек, яъни фаолият юритиб турган фермерлар ерларининг маълум қисмини бир неча сотихдан қилиб ёшларга бўлиб бериш билан ижобий ҳал бўлмайди. Масала комплекс ечим топмоғи лозим. Ёшларга ер узоқ муддатга ва ҳуқуқлари таъминланган ҳолда берилиши керак. Ёшлар «мана бу менинг ерим», дея олсин. Ёш деҳқон ерини яхши кўрсин, яроқсиз ҳолга келтириб қўйишдан қўрқсин, ҳар бир қаричини асраб-авайласин, илғор услублар борасида излансин. Ҳаётини замин билан боғласин.

Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ўзгариш қилиниши, кичик оилавий деҳқон хўжаликлари юзага келиши, давлат режасига мувофиқ ишлашдан воз кечиш, ниҳоят соҳада тўлиқ бозор муносабатларига ўтилишини тақозо этади.

Шубҳасиз, шундагина меҳнат миграцияси билан боғлиқ ҳозирги аҳвол енгиллашади, қишлоқларимизда иқтисодий фаол ўрта синф юзага келади. Натижада, бугунги кунда фақат давлат зиммасида бўлиб келаётган қишлоқларни обод қилиш масаласи – кўлами тубсиз ижтимоий-иқтисодий муаммолар юкини енгиллаштиради. Зеро, бу юкнинг сезиларли қисмини ўша иқтисодий фаол қатлам ўз-ўзидан, биров буюрмаса ҳам ўзининг зиммасига олади.

Қишлоқлардаги муаммолар – носоз йўллар, эскириб ишдан чиққан инфратузилма, эскирган мактаблар, ижтимоий таъмнотга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар масалаларини ҳал қилишда айнан мана шу фаол қатлам давлатга кўмакдош, елкадош бўлади.

 

 Шерзод КАРИМОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси.

  вилоят Кенгаши депутати.

Музаффар ХОНҚУЛОВ,

вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+