Ёшларга эътибор - келажакка пойдевор

20.12.2022 16:12:42

Тарихан қисқа вақт ичида, Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида демократик ислоҳотларнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берувчи 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси – жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг мустаҳкам асоси ишлаб чиқилди.

Хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, ОАВларнинг роли ҳамда аҳоли ва жамоат бирлашмалари сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқимиз турмуш тарзи ва ҳаётида ўз аксини топаётгани нафақат аҳолимиз томонидан балки хорижий давлатлар раҳбарлари, экспертлари томонидан эътироф этилмоқда.

Ўзбекистонда амалга ошираётган очиқлик сиёсати, инсон қадрини улуғлаш борасидаги ислоҳотларнинг амалий мисоли

Бу борада, жорий йилнинг 20 декабрь Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси давлатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқелик бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Мазкур мурожаатда ихчам ва самарали давлат бошқаруви тизимига ўтиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзи, хусусан, тўғри овқатланиш ҳамда таълим сифатини яхшилаш каби айни давр учун муҳим масалалар кўтарилди.

Шунингдек, Президентимиз 2023 йилни юртимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб номлашни таклиф этдилар.

Айтиш жоизки, мазкур мурожаатда ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг замонавий касб ва билимларни эгаллаб, ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш борасидаги ишларга алоҳида урғу берилди.

Шу билан бир қаторда, Давлатимиз раҳбари томонидан «Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз» – дея таъкидланди.

Ўз ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон раҳбари БМТ минбарида бугун дунё миқёсида ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб кетгани, халқаро терроризм ва экстремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларни ҳимоя қилиш, бугун ҳар қачонгидан зарурлигини асослаб, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурган эди.

Шунингдек, жараёнда Давлатимиз раҳбари ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасидаги таклиф ва ташаббусларни ҳам илгари сўрдилар.

Хусусан, Президентимиз Конституциямизга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисидаги янги моддаларни киритиш муҳимлигини таъкидлади.

Шунга кўра, келаётган йилда Тошкент вилояти мисолида «Менинг биринчи уйим» янги ипотека дастури доирасида, биринчи навбатда, турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилиши таъкидланди.

Қувонарлиси шундаки, Мурожаатномада илгари сурилган, келгуси йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган чора-тадбирлар партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларига ҳамоҳангдир.

Партиямиз сайловолди дастурида белгиланганидек, биз кучли ижтимоий сиёсатни мамлакатимизнинг келажаги буюк бўлишини таъминловчи инсон капиталига қаратамиз. Зеро, таълимга инвестиция киритиш – бу келажакка сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир. Шу боис, партиямиз узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдоридир.

Шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» СДП ўз фаолиятида ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш бўйича билдирилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Маълумки, болаларимиз онгига ватанпарварлик туйғулари асосан мактабгача ва мактаб таълимида сингади. Шу сабабли мактабларда болаларнинг ватанпарварлик ҳиссини уйғотиш, уларни сифатли таълим олишини таъминлаш, ёшларнинг лидерлик қобилиятини шакллантириш орқали уларни жамият тараққиётига мос равишда тарбиялаш партиянинг позициясига тўла мос келади.

Бинобарин, ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлида унинг жадал ривожланиши, халқининг фаровон ҳаёт кечириши ўша мамлакатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига берилган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ.

Райҳона Урманова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+