Ёшларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини оламиз

06.06.2024 20:06:11

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилоят Кенгаши ташаббуси билан Нурафшон шаҳрида жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалида «Ёшларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур тадбирда университет раҳбарияти, Нурафшон шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими, Тошкент вилояти ИИББ бошқармаси мутасаддилари ҳамда университет талабалари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилоят Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова сўзга чиқиб, ёшларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш борасида партиянинг олиб бораётган ишлари ҳақида батафсил маълумот берди. У ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий манфаатларини таъминлаш, ҳамда ёш авлодни зўравонликдан ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Тадбирда Тошкент вилояти ИИББ бошқарма бошлиғи ўринбосари подполковник Шаҳноза Содиқова ҳам иштирок этиб, ёшларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. У ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида хабардор қилиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у ёшларнинг ҳуқуқлари поймол қилинишига қарши курашишда оила, жамоат ташкилотлари ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этди.

Университет Ёшлар масалалари, маънавий- маърифий ишлар бўйича директорнинг биринчи ўринбосари Бобомурод Бобоёровнинг таъкидлашича, университетда ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича турли тадбирлар, семинарлар ва тренинглар мунтазам ташкил этилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида университетда махсус ҳуқуқий маслаҳат марказлари ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Давра суҳбатида талабалар ҳам фаол иштирок этиб, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Улар ёшларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш борасидаги ишларга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидладилар. Талабалар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш учун ўқув материаллари ва қўлланмалар тайёрлаш, шунингдек, ҳуқуқий саводхонликни ошириш мақсадида турли тадбирлар ташкил этишни таклиф қилишди.

Давра суҳбати якунида партияга аъзо бўлиш истагини билдирган Отабек Қўлдошев, Алёр Тўхтасинов, Дилором Хамраева ҳамда Акмалжон Мамажонов сингари ўнлаб талаба-ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Шунингдек, университетда партиянинг «Нурафшон» бошланғич ташкилоти ҳам тузилди. Энг фаол қатнашган талабаларга ва иштирокчиларга «Адолат» СДП Тошкент вилоят Кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.

 «Адолат» СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+