Ёшларга қаратилган эътибор фақат “тилда” эмас...

02.07.2024 11:07:14

Хабарингиз бор, давлат раҳбари 2017 йил 30 июнь куни бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида илк бор Ёшлар кунини нишонлаш тўғрисида эълон қилди, шу куннинг ўзида янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини янги мақсад ва вазифалар билан ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Шу даврдан бошлаб давлатнинг турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган ёшларни рағбатлантириб бориш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали ҳамда ҳар жабҳада фаол ва жонкуяр ёш йигитлар учун давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан “Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилганди. Сўнги 7 йилда 200 га яқин ёшлар ушбу давлат мукофоти билан тақдирланди.

Шуни инобатга олган ҳолда 29 июнь куни  Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда    давлатимиз раҳбари ёшлар билан қарийб беш соатдан ортиқ вақт давомида мулоқот қилиб, сўнгги етти йил ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда “катта сакраш даври” бўлганини таъкидлади.

Сўнгги етти йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёз берилди. Биргина таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдаланди. Эҳтиёжманд оиладан бўлган яна 110 минг талабанинг шартномасини тўлашга 332 миллиард сўм ажратилди. Натижада олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳлар сони эса 77 тадан 212 тага етди.

 Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти, шунингдек, юртимиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун Президент ва давлат стипендиялари жорий этилиши иқтидор эгаларига янада катта рағбат берди. Ёшларнинг илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рағбатлантириш мақсадида “Бўлажак олим” танловини ўтказиш йўлга қўйилди.

Ушбу танлов ғолибларига 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди. Ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишини рағбатлантириш учун халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган мингдан ортиқ ёшга 1,5 миллиард сўмдан зиёд миқдоридаги имтиҳон харажатлари қоплаб берилди.

“Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танлови доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробаригача давлат бюджетидан грантлар бериш амалиёти жорий этилди. Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган мутлақо янги тизим — “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” жорий этилганини ҳам янги ислоҳот самараси, деб баҳолаш мумкин.

Тизимни рақамлаштириш, ёшларга берилаётган имтиёзлар шаффофлигини таъминлаш, жойларда амалга оширилаётган ишларни 3 босқичда мониторинг қилиб бориш имконини берувчи “yoshlardaftari.uz” ягона электрон платформаси ишга туширилди. Ёшларга қаратилган эътибор фақат тилда эмас, балки амалда ҳам ўз исботини топяпти.

Жумладан, биргина 2021 йилнинг ўзида навқирон авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир туман (шаҳар)да “Ёшлар дафтари” жамғармалари ташкил этилди ҳамда уларда 231,8 миллиард сўм миқдорида маблағ шакллантирилди. Ушбу маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан “Ёшлар дафтари”даги 430 минг нафар йигит-қизга 300 миллиард сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди. Бу шунчаки кун кечиришга ажратилган маблағ эмас. Аксинча, йигит-қизларнинг келгуси фаровон ҳаётини барпо этиши учун ажратилган самарали сармоядир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар — 2030 кун тартиби” дастурига кўра, ёшларнинг сифатли билим олиши учун имконият яратиш барча давлатларнинг зиммасидаги энг асосий вазифалардандир. Мамлакатимизда таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Президент мактаби баҳолаш тизими 500 та мактабда жорий қилиниши ҳисобига бир йилни ўзида билимларни ўзлаштириш 53 фоиздан 60 фоизга ошди.

2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурининг қабул қилингани ҳам мана шу қадриятнинг амалий ифодасидир.

Унинг дастлабки нишонаси сифатида “Ma’rifat karvoni” лойиҳаси доирасида ёшларга 4 миллиондан ортиқ китоблар етказиб берилди. Ушбу ишларнинг ўз самарасини бермай қолмади. “Yosh kitobxon” ҳамда “Yosh kitobxon oila” кўрик-танловини ўтказиш анъана тусига кирди. Натижада 20 нафарга яқин ёш китобхон ҳамда 5 та китобхон ёш оила Президент совғаси — “Spark” автомашинаси билан тақдирланди.  Танловнинг илк иштирокчи-ғолиби самарқандлик ёшлар вакили бўлгани ҳам биз учун фахр!

Жорий йилги танлов ғолиблари сафида яна бир Самарқанд фарзанди жомбойлик Наргиза Муҳаммадиеванинг ўз тенгдошлари орасида тенгсиз деб топилиши ҳам қувонарлидир.

Умуман олганда, ёшларга яратилган барча шароитлар бу, шубҳасиз, келажак учун қилинган сармоя эканини биз ёшлар англаган ҳолда ишончни оқлашга бел боғлаганмиз!

 

Дилмурод МАҲРАМОВ,

“Адолат” социал-демократик партияси

Самарқанд вилоят Кенгаши

“Ёшлар қаноти” раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+