Ёшларни ахборот ҳуружларидан асрайлик!

21.04.2021 13:04:09

Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида Ўзбекистон “Адолат”  СДП  Фарғона вилоят Кенгаши томонидан  “Ёшларни ахборот ҳуружларидан асрайлик!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирни институт ректори Ғофуржон Султонов очди ҳамда  ёшларимиз ўз имкониятларидан тўғри фойдалана олиши, асосий вақтини ижтимоий тармоқларда эмас, оиласи бағрида, билим олиш, китоб ўқиш учун  сарфлаши кераклигини таъкидлади.

Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида турли салбий ахборотлар энг аввало ёшларимизга ўз таъсирини кўрсатади. Айниқса бугунги кунда ёшлар майдонига айланиб қолган ижтимоий тармоқлар уларнинг ёшига тўғри келмайдиган,  ахлоқий мезонларга  зид бўлган  турли  ахборотларга тўлиб тошган. Ғаламис кимсалар ёшларни ўз тузоқларига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланмоқда. Мафкуравий таҳдидлар, диний экстремизм, турли бузғунчи ғояларни сингдиришга уриниш, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ. Ёш йигит-қизлар бевосита интернет имкониятларидан фойдаланган ҳолда  ҳар куни бундай ахборотларни кузатиб борадилар. Бу эса ўз навбатида уларнинг юриш-туриши, сўзлашув маданияти,  ўқишига  салбий таъсирини кўрсатмоқда. Ёшларда ахборотдан фойдаланиш маданиятининг етишмаслиги эса интернет орқали тарқатилган ҳар қандай маълумот-хабарларни ҳақиқат деб қабул қилишига олиб келмоқда. Шунинг учун уларнинг маънавиятини юксалтириш, ахборотдан фойдаланиш этикасини шакллантириш бугуннинг долзарб вазифаларидан биридир. Ёшларимиз энг аввало тўғри, ёшига мос, ўзи учун фойдали бўлган, билим савиясини юксалтиришга хизмат қилувчи ахборотни танлай билиши керак.

Мавзу юзасидан Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари  Шуҳрат Эгамов  сўз юритди ҳамда бўлажак шифокорларга ўз тавсияларини берди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.  

“Ёшларни ахборот ҳуружларидан асрайлик!” мавзусидаги давра суҳбати Фарғона давлат университетида ҳам бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши  матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+