Ёшларни бирлаштирган беллашув

19.11.2021 16:11:48

Шу кунларда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилояти Кенгашининг ҳудудлардаги Кенгашлари ташкилотчилигида ўрта таълим мактаблари юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган «Конституция билимдони» Республика кўрик-танловининг шаҳар, туман босқичлари ниҳоясига етмоқда.

Беллашувлар жараёнида ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг орасидан энг иқтидорлиларини аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда партиянинг дастурий мақсад-вазифаларининг мазмун-моҳиятига ёшларнинг эътиборини кенг жалб қилишга алоҳида урғу берилмоқда.

Хусусан, Ангор туманидаги 3-ИМИда «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида «Конституция билимдони» кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Тадбирни туман партия Кенгаши депутати Юсуф Ҳалимов кириш сўзи билан очиб берди ва танловнинг ёшлар сиёсий фаоллигини оширишдаги аҳамиятига тўхталди. Беллашувда фаол ўқувчилар сиёсий-ҳуқуқий билим ва маҳоратларини катта иштиёқ билан кўрсатишга ҳаракат қилишди. Уларнинг чиқишларини ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Беллашувда 3-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернат мактаби 11-синф ўқувчиси Ирода Бобоева ғолиб бўлди ва танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.

-Партия томонидан ўтказилаётган кўрик-танлов биз, ёшларнинг сиёсий билимларимизни янада кенгайтириш, ўз устимизда ишлаш, тажриба ошириш, кўпроқ китоб мутолаа қилишда катта аҳамиятга эга, — дейди И.Бобоева. — Танлов жараёнида тенгдошларимнинг савол-жавоблар борасида тезкорлиги, топқирлиги ҳайъат аъзолари ва йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Албатта, бу каби тадбирлар ёшларни бирлаштиришда ва билимлар синовида ўта муҳим.

Ғолиблар партиянинг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Дилафрўз Раҳматова,

Ўзбекистон «Адолат»СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+