Ёшларни ғаразли мақсад ва бузғунчи ғоялардан асрайлик

31.03.2021 13:03:12

Бир жинслилар никоҳи тарғиботчилари ҳақида авваллари хабарлар эмас, афсонага ўхшаш, биздан анчалар йироқ – бошқа олам гапларини эшитар эдик. Чет элда шунақа одамлар бор экан, деб ёқа ушлардик. Бугун ўзбек миллатига мансуб йигитларнинг бир гуруҳи ҳам жинсий ҳаётнинг мазкур усулини оқлаб чиқаётгани, бесоқолбозликни қўллаб-қувватлашга мойиллик билдираётгани имон ва  номус аҳлини ғулғулага солиб, ғазабини тоширди.

Албатта, бу турдаги ҳаёт тарафдорларига нисбатан кескин эътироз ҳамда танқидлар бўлди ва бўлади.  Аммо вазиятга чуқур назар ташлаб, ушбу мудҳиш ҳолатнинг юзага чиқишига сабаб бўлган омилларни излаш орқалигина масалага ечим топиш мумкин.

Шак-шубҳа йўқки, йигит киши бир кунда гейга айланиб қолмайди. Бу – касаллик, бедаво дардлардан кўра анча оғир хасталикдир. Нафақат бир киши, балки бутун жамиятга доғ туширадиган бу касалликни даволашга киришишдан аввал нега ва қандай пайдо бўлганини таҳлил қилиш шарт.

Тан олиш керакки, ўзбек оилаларида қиз бола тарбиясига нозикроқ масала сифатида қаралади. Қиз болани “қоғозга ўралган қанддек” асраб-авайлаш, унинг тарбиясини кўз қорачиғидек асраш ҳар бир оила учун муҳим. Шу боис қиз фарзандга хушёрроқ қаралади, унга нисбатан озми-кўпми тақиқлар жорий этилади, ҳар қадами назоратда ушланади. Ўғил бола эса бирмунча эркин қўйилади. Бировнинг бурнини қонатиб, ёқасини йиртиб келса ҳам “ўғил бола-да”, деб қўл силтаб қўйилади. У ҳаётда ўрнини топиб кетиши кўзланиб, кўп нарсага руҳсат, изн берилади. Унинг тарбиясидаги кемтикликларга эътиборсиз қаралади.

Бугунги кунда қизларимизни ва ўғилларимиз тарбиясига бирдек эътибор қаратишимиз, фақат пул топиб уларнинг кам-кўстини бутлаш билангина шуғулланмасдан, балким, тарбиясини қаттиқ назоратга олишни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. Фарзандларимизга қимматли замонавий гаджетлар олиб бериб, нима қилаётганликларини англамай қоладиган даражада унга муккасидан берилиб кетиши салбий оқибатларга олиб келишини англаб, уни олдини олишимиз, жоиз бўлса, ундан нима мақсадларда фойдаланаётганликларини кузатишимиз, уларни виртуал ҳаёт билан эмас, балки тўғри ва реал ҳаётга, оила ва яқинлар – инсонлар даврасига қайтишларига кўмакдош бўлишимиз лозим. Зеро, оқибатларини айтиб куйиниб ўтиргандан, вақтида тўғри йўл кўрсатиш биз катталарнинг бурчимиз эканлигини унутмайлик.

Жинсий тарбиянинг тўғри ва тушунарли олиб борилмаслиги ҳар иккала жинс вакилининг бу борада билимсизлигига ва охир оқибат хато йўлни танлашига бир сабабдир. Бу борада оила, маҳалла, таълим муассасалари ҳамкорликда ишлаб, таъсирчан механизмлар билан болада жинсий маданият, ахлоқ қоидаларини шакллантиришлари лозим.

Оилавий муҳитда гап кўп. Ҳар бир хонадонда эркак ва аёл ўз вазифаларини ҳис этган ҳолда фарзандларига тўғри ибрат кўрсатса, бундай аянчли манзараларга ўрин қолмайди. Афсуски, бугунги кунда баъзи оилаларда эркак ва аёлга тегишли масъулиятлар алмашиб қолган ёки тамоман воз кечилган. Ишламайдиган боқиманда ота, овозини кўтариб уйда ҳаммани бошқарувчи она қиёфасини онг остига муҳрлаган фарзандлар қандай қилиб оила бошилик, сулола давомчилигини даъво қилсин?

Фарзандлари тарбияланмаётган, балки фақат маблағ билан таъминланаётган оилалар жамиятни ташвишга солиши керак эмасми ахир? Ёки файласуфларимиз, қонун ман қилмаган айрим нарсаларни уят ман этади, деган ҳикматларига қарама қарши ўлароқ, эҳтимол, уят ман этмаган нарсаларни қонун ман этиши керакдир. Бесоқолбозлик, ЛГБТ кабиларга қонуний жазо бор, аммо энг даҳшатли ва аянчлиси, ғуруримизга, номусимизга соя тушаётганлигидир.

Маълумки, бир неча кун аввал ЛГБТ тарафдорларига қарши бир гуруҳ ёшлар Тошкент шаҳрида  намойишга чиқиб, ўз муносабатларини турли шаклда бидирди.  Албатта, бу вазият аксарият инсонларимизнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатди, қалбларида нохуш ҳиссиётлар уйғотди, аммо доно халқ ҳар қандай вазиятда ўзини вазмин тутади, турли фитналарга берилмаган, шов-шувлар домига тушмаган ҳолда хулоса ясайди. Бинобарин, муаммони баралла айтиш, айбдорга лой чаплаш билан иш битмайди, балки унинг оқибатларига қарши курашиш, иллатга даво излаш, такрорланмаслигининг олдини олиш оқилона ечимдир.

Ислом дини – катта бир ибрат ва насиҳат манбаи. Диний уламоларимиз, исломшунос олимлар ва зиёлиларимиз бу мавзуга ўз нуқтаи назарларини билдириб, аёлнинг эркакка, эркакнинг аёлга тақлидан ҳаёт кечиришининг асоратларини талқин ва таҳлил қилсалар, бу борадаги хавф ва хавотир пасаярмиди...

Юртимизда диний илмлар ўрганиш, жумладан исломий қадриятларни ўзлаштиришга барча шароитлар етарли. Айниқса сўнгги йилларда эътиқод эркинлиги кучайди, Ислом илми билан шуғулланувчи мутахассислар учун имконият эшиклари кенг очилди. Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг қад ростлаши ҳам сўзимизга бир исботдир. Демак, у ёки бу вазият таҳлилини ишончли манбалардан олиш тўғри йўл ҳисобланади. Ушбу ҳолатга баҳо беришда ҳам диний уламолар, исломшунос олимлар фикрига қулоқ тутиш мақсадга мувофиқ. Ислом – маърифат дини, унинг таълимотларида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғояси етакчилик қилади.  

Дарҳақиқат, бир жинслилар никоҳи тарафдорлари – ёшларнинг бир гуруҳи холос, айни вақтда салоҳиятли, маънавияти юксак, одоб-аҳлоқда намуна кўрсата оладиган саноқсиз иқтидорли ёшларимиз борки, улар ҳаётга некбин нигоҳ билан боқишимизга асос бўлади. 

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+