Ёшларни «Ўргимчак тўри»дан нима қутқаради?

10.09.2020 18:09:38

Бугунги ҳаётимизни интернетсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ахборот технологиялари туфайли узоғимиз яқин, мушкулимиз осон бўлмоқда. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бормоқда. Шундай шароитда ёшларга бу сайтга кирма, ижтимоий тармоқдан ундай фойдалан, бундай фойдалан, буни кўрма, деб панд-насиҳат бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ёки интернетга турли тўсиқлар қўйиш, ҳеч шубҳасиз, замон талабига мос келмайди. Бундай йўл тутиш тараққиётга тўсиқ бўлиши мумкин. Ушбу муаммонинг бирдан бир ечими ёшлар тафаккурини, маънавиятини ўстиришдир.

Инсонга китобдан қимматли дўст йўқ. У туфайли инсон тафаккурида эзгу ғоялар ривож топади, комиллик ва яхшиликка интилади. Китоб ўқиган кишининг дунёқараши кенгайиб, ҳаётда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга теран нигоҳ билан қарайди, турли усуллар билан тарқалаётган ҳар хил уйдирма ва ёлғонлардан иборат хабарларга ишонмайди. Аксинча ўзининг шахсий фикри билан холис ва адолатли жавоб қайтаради. Шу боис бугун мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасида давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, бу орқали маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш борасида залворли натижаларга эришилаётганини бугун барчамиз кўриб гувоҳ бўлиб турибмиз.
Очиғи, кўпчилик иш, оиладаги ташвишлар билан бўлиб, ёки бошқа сабабларданми китоб ўқишдан чиқиб кетган экан. Мутолаа маданиятимиз, китобхонлик даражамиз ўзиям роса тушиб кетган эканда. Агар Президентимиз буни ёдимизга солмаганларида, ҳалиям ўзимизни билиб-билмасликка олиб юраверардик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида, шунингдек, бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказиб келинаётган анъанавий китоб байрамлари, кўрик-танловлар хонадонларимизга китобхонликни қайтарди, десам муболаға бўлмайди. Бу каби тадбирлар нафақат китобхонликни тарғиб этмоқда, балки таълим муассасаларида адабиёт фани ўқитилишини, жойларда кутубхоналар фаолияти, китоб савдоси, нашрbётлар фаолиятини жонлантирди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, аҳолини, айниқса, ёшларни китобхонликка кенг жалб қилиш борасида биз зиёлилар, педагоглар олдига юксак масъулият турибди. Аввало, бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабни ўрганишимиз керак. Бадиий, маърифий, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришга доир адабиётларнинг умумий буюртма рўйхатини шакллантириш тизимини такомиллаштириш айни куннинг долзарб вазифаси ҳисобланиб, ёшлар ўртасида китобхонликни юксалтиришда энг таъсирчан омиллардандир.
Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишларини юксалтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр етиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги, 2019 йил 7 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорлари, шунингдек, Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил етиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусдан бири – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасидаги ишларимизда дастурул амал бўлмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилингани китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Эътиборлиси, мазкур ҳужжат лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, инфратузилма ва ўқув тизими, китобхонлик билан боғлиқ муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида, 2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланади.
Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланаётган вазифалар мазмун-мундарижасидан англаш мумкинки, ушбу ҳужжат лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасидаги ишларни янада кучайтиради. Жумладан,
китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда моддий-техник базасини такомиллаштириш;
халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгилаш;
жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда китоб етказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш;
миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этишга қаратилган тизимли ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;
таълим муассасалари ва ҳудудий кутубхоналарни марказлашган кутубхона – «Ягона электрон кутубхона» лойиҳаси асосида бирлаштиришга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни белгилаш;
ҳудудлар, аҳоли пунктларида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган аниқ механизмлар ишлаб чиқиш;
ҳар йили ёш ижодкорларнинг инновацион лойиҳаларини амалиётга жорий қилиш орқали мамлакатимизга киритилаётган инвестициялардаги ёш ижодкорларнинг улуши ошишини таъминлаш;
ўқувчиларнинг қизиқишини ўрганиш, социологик сўровлар ўтказиш орқали китоб маҳсулотлари ишлаб чиқишни йўлга қўйиш;
китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш;
китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш.
Лойиҳада келтирилишича, Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасини «Китобхонлик ҳафталиги» этиб белгиланади. Дастур уч босқичда амалга оширилади: биринчи босқич – 2020-2021 йилларда ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратиш ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш; иккинчи босқич – 2022-2023 йилларда китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш; учинчи босқич – 2024-2025 йилларда ёшларнинг китобхонлик маданиятини жадал ривожлантириш, уларнинг маданий саводхонлиги ўсиши ҳисобига инсон капитали сифатини яхшилаш.
Давлатимиз раҳбари бу борадаги мавжуд вазиятни тўлиқ билганликлари учун ҳам китобхонлик ва мутолаа масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратилди, бу жараён давом эттирилмоқда. Юртбошимиз бошлаб берди, энди буёғини бутун халқимиз – ота-оналар, маҳаллалар фаоллари, ўқитувчилар, шифокорлар, журналистлар, иқтисодчилар, нуронийлар, умуман, барча-барчамиз, олдимизга аниқ мақсад қўйган ҳолда давом эттиришимиз керак.
Шу маънода «2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тўғрисида»ги қарор лойиҳасининг аҳамияти беқиёс аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, барча таълим муассасалари – мактаб, лицей ва коллежлар ҳамда олий ўқув юртларида ҳафтанинг муайян бир куни «Мутолаа куни» сифатида белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу кунда ҳар бир ўқувчи ёки талаба ўтган ҳафта давомида ўқиган эртак, қисса, роман ёки шеърий асарни фан ўқитувчиси олдида батафсил баён қилиб беради. Уларнинг бу жараёнда олган баллари умумий баҳолаш мезонида инобатга олиниши лозим.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун «Ўргимчак тўри» дея ном қозонган интернет эмас, инсониятни, хусусан, ёшларни китобхонликка жалб қилиш орқалигина юксак маънавиятга эришиш, комил инсонни тарбиялаш мумкинлигини бутун дунё халқлари тўла англаб етмоқда. Зеро, китоб-руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш нафақат бизни маънан юксалтиради, балки жаҳонга танитади, эзгуликка етаклайди.

Собир ТУРСУНОВ,
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
Педагогика фанлари доктори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+