Янгиликлар 2059
Ёшларни қандай ишлар кутмоқда?
Ўзбекистон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” Кенгашининг IV ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда партиянинг фаол ёшлари, партиянинг туман Кенгаши ходимлари ва “Ёш адолатчи журналистлар” клуби аъзолари иштирок этди.
Конференцияда партия “Ёш адолатчилар” Кенгаши ва унинг барча ҳудудий бўлинмалари томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидлаганидек, мамлакатимизда ёшларга бўлган алоҳида эътибор туфайли уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги иштироки кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ёшларни катта иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий куч деб билади. Шу боис уларга оид сиёсатни белгилашда ўзига хос дунёқарашга эга бўлган ёшларининг мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш даражаси ошиб бораётганини инобатга олади.
Ўзбекитон “Адолат” СДП нинг “Ёш адолатчилар” Кенгаши томонидан партиянинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган ҳаракат дастури ҳамда давлат дастури доирасида ёшларнинг сиёсий билимини ошириш, уларни партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари фаолияти билан таништиришга оид тадбирларни ўтказиш белгилаб олинган эди. Партия аъзоларининг 45.7 фоизини ташкил қилаётган ёшлар ташаббуси билан 2015-2019 йиллар давомида 2600 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди. Бу борада партия позициясини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар ибратли бўлди. Энг муҳими, бу каби тадбирлар интерактив мулоқот ва юксак технологик воситалар (фотожамланмали слайдлар, видео тасвир ва қизиқарли тестлар) ёрдамида олиб борилди.
Конференцияда “Ёш адолатчилар” Кенгаши аъзолари, ҳамкор ташкилотлар томонидан сўз олганлар бугунги кунда ёшларнинг куч-ғайрати, шижоати, замон билан ҳамнафас ҳаракат қилиш хусусиятларидан самарали фойдаланиш “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотларнинг доимий шиорига айланганлигини қайд этишди. Галдаги вазифа уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимини янада ошириш ҳамда келажакда Халқ депутатлари вилоят туман ва шаҳар Кенгашларида ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтказиладиган сайловларда иштирок эта оладиган билимли ва муносиб ёш номзодларни саралаш ҳамда жойларда партия позициясини тарғиб қилишда ёшларнинг салоҳиятидан фойдаланиш эканлиги таъкидланди.
Шу билан бирга Кенгаш томонидан бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритилиб, айниқса, ёшлар билан ишлашда ижтимоий шериклик тамойилини кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Тадбир давомида партиянинг фаол ёшлари Қ.Илашев, А.Шодмонқуловлар сўзга чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграциясига қарши курашишга қаратилган тадбирларни амалга оширишга кўмаклашиш масалалари бўйича ўзларининг фикрларини билдириб ўтди.
Конференция якунида Ўзбекитон “Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолияти ҳамда жорий 2020 йилга мўлжалланган дастурий режаларидан келиб чиқадиган тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тоҳир ЎСАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси,“Ёш адолатчилар” қаноти туман кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг