Ёшларни Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан тарбиялайлик

15.01.2021 12:01:57

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши ташаббуси билан Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан  “Буюк ва муқаддассан ҳур Ўзбекистон” лойиҳаси доирасида “Мардлар қўриқлайди Ватанни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Унда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Жомбой туман бўлими, туман халқ таълими бўлими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Давра суҳбатини кириш сўзи билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши раиси Комила Умарова очиб берар экан, ватанпарварлик  ҳиссини ўз фарзанди қалбига сингдира олган ота-онанинг, шундай руҳ билан яшайдиган халқнинг эртанги куни обод, келажаги  порлоқ эканлигини, юртини севган, унинг порлоқ келажагига ишонган ҳар бир фуқаро, ҳар бир ёш учун юрт тараққиётига улуш қўшиш асосий мақсад бўлмоғи зарурлигини, шу боис бизнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларимиздан бири — жамиятимиз аъзоларини, авваламбор, вояга етиб келаётган ёш авлодни камол топтириш, улар қалбида миллий ғоя, миллий мафкура, ўз Ватанига меҳр-садоқат туйғусини янада кучайтириш, Қуролли Кучларимиз билан ғурурланиш ва ҳарбий хизматга ҳурмат туйғусини тарбиялашдан иборат эканлигини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Жомбой туман бўлими ҳамда ўқувчи ёшлар томонидан тайёрланган чиқишлар тадбирга ўзгача кўрк бағишлади. Тадбирда сўзга чиқганлар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғуларини уйғотишда ҳарбийларимизнинг хизмати беқиёс эканлигини таъкидлаб, бугун партада ўтириб, дунёни англашни ўрганаётган бола эртага Ватани учун жонини фидо қиладиган ўғлон бўлиб улғайишида шу кунларда юртимизнинг барча таълим муассасаларида ташкил этилаётган ватанпарварлик тадбирларининг аҳамиятини катта эканлиги эътироф этилди.

Албатта, фуқаролар, айниқса, ёшлар онгу-шуурида Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш ишига янада кўпроқ кўмаклашишимиз, Президентимизнинг минтақамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида илгари сураётган таклиф ва ташаббусларини кенг тарғиб қилишимиз ва уларнинг ижроси йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда фаол иштирок этишимиз мақсадга мувофиқ. Хусусан, бу борада ёшларни ватанпарварлик, она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишида амалга оширилаётган тарғибот тадбирлари, учрашув ва давра суҳбатларининг таъсирчанлигини ошириш ишига бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина бу каби тадбирлар юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича мамлакатимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ва тушунтириш ишига муносиб хизмат қилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+