Янгиликлар 1505
Ёшларнинг билими ва бандлиги — тараққиёт мезони
Ҳар бир давлатнинг барқарор тараққиётини таъминлашда асосий пойдевор – инсон омили, унинг интеллектуал салоҳияти билан узвий боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, мамлакат аҳолисининг катта қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат эканлигини инобатга олган ҳолда, мазкур қатлам ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги манфаатларини ҳимоя қилиш ва кузатилаётган долзарб масалаларнинг назарий ва амалий жиҳатдан ечимини топиш кун тартибидаги муҳим вазифадир.
Бугунги кунда юртимизда аҳоли умумий сонининг 60 фоиздан ортиғини 18 миллион кучли, шижоатга эга, ғайрати ичига сиғмаган ёш фуқаролар ташкил этади. Айнан мана шунинг учун, ёшлар сиёсати давлат тараққиётининг давомийлигини таъминлашга қаратилган барча стратегияларда намоён бўлади.
Шуни ҳам англашимиз керакки, замонавий бозор муносабатлари ва глобал тенденциялар ёш авлоднинг ҳаётий қадриятларига ва ахлоқий қоидаларига таъсир кўрсатади. Аммо улар ҳамиша ҳам ижобий ва яратувчанликка олиб келмайди. Мана шу каби ташвишли ҳолатлар теграсида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция қабул қилиш зарурлиги борасида билдирган ташаббуси, давлатларнинг ёшларнинг тақдири ва келажаги борасида масъулиятни ўз зиммаларига олишга чақириқ билан чиққан эди.
2017 йил 30 июнда мамлакат ёшлари ҳаётида янги саҳифа очилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон тарихида илк бор 30 июнь Ёшлар куни деб эълон қилинди.
Таъкидлаш жоиз, ўтган даврда ёшлар масалаларига оид қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар ёшлар интилиши ва иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга оид, раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтириш бўйича мустаҳкам тизим ишлаб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси ва амалий кўмаги асосида ёшлар ҳаётига бевосита тааллуқли бўлган 50 дан ортиқ Қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палаталарида Ёшлар парламенти, ёшлар масалалари бўйича комиссиялар тузилди.
Республика даражасида Бош вазир раҳбарлигида, ҳудудларда эса ҳокимлар раислигида ёшлар масалалари бўйича Идоралараро Кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди. Жойлардаги ижро ҳокимияти ва ички ишлар органларида янги штат бирликлари – ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари ва ички ишлар органлари бошлиғи ўринбосари лавозими жорий этилди.
Ёшлар ташаббуси билан Ёшлар иттифоқи қошида 26 та ННТлар, жумладан, Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш Республика маркази, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Ёш олимлар Республика Кенгаши, Ёш фермерлар Кенгаши, Ёшлар туризми Агентлиги, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, ижодкор ёшлар Республика Кенгаши, Ёшлар медиа маркази, Ёшлар нашриёт уйи ва бошқалар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти фаолияти йўлга қўйилди.
Янги ёшлар сиёсатини қуришда мамлакат Президентининг шахсан иштирокини алоҳида таъкидлаш лозим. Куни кеча юртбошимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги иштироки ҳамда ҳар бир ёш ўғил-қизга аталган табриги бунинг яққол исботидир.
Мазкур табрикда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумҳалқ ҳаракати сафларида ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётганлиги давлат раҳбари томонидан алоҳида эътироф этилди.
Дарҳақиқат, республикада ёшлар сиёсатига асосланган саъй-ҳаракатлар тизими давлат ва оила устуворлиги, давлат ва шахс, давлат ва фуқаролик жамияти ва унинг бошқа институтлари, миллий ўзликни англаш, миллий хавфсизлик, миллий ғоя ва таълим-тарбия, аҳоли саломатлиги, хотин-қизлар, Давлат сиёсатида ёшларни бошқаришни институционал тизими ҳамда ўзаро алоқадорлик ўзгаришлари, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий жиҳатлардан Давлат ўз сиёсатини амалга оширар экан, табиий равишда, ёшлар қатламини унинг таянчи ва истиқболини белгилаб берувчи асос сифатида қабул қилади.
Зеро, “агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни , ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”.
Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистонни барпо қилиш осон бўлмагани сингари, унинг порлоқ келажагини шакллантириш ҳам енгил бўлмайди. Бугунги куннинг асосий талаби – ёшларни билимли, маълумотли қилиш билан бир қаторда уларни муайян касбга йўналтира билиш ҳамдир.
Ҳеч бир муболағасиз, республика Президентининг ёшларга табриги уларнинг келгуси ҳаётининг йўл харитасини белгилаб берди. Жумладан, “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” каби кўрик-танловлар, ёшлар ҳисобига миллий парламентаризмнинг кенгайтирилиши, “Келажак лидерлари”нинг шакллантирилиши, Янги Ўзбекистон университетининг ташкил этилиши каби қатор амалий режалар Ўзбекистоннинг дунё харитасида ўзининг тенгсиз миллий имзосига эга бўлиши гаровидир.
Хулоса ўрнида, бугунги глобаллашув жараёнида Ўзбекистон ёшлари ўз фикри, ўз дунёқараши, ўз билим салоҳияти, энг асосийси, халқаро миқёсида ўз сўзи ва ўз ўрнига эга шахслар бўлиб вояга етмоқда. Дарҳақиқат, ёшларни юксак ахлоқ ва интизомли қилиб тарбиялаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва ватанпарварлик руҳида вояга етиши мамлакат иқтисодий ва сиёсий тараққиётининг калити ҳисобланади. Бу ижтимоий барқарорлик ва муваффақият асосидир.
Гулруҳ Агзамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг