Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллиги янада ошмоқда

21.06.2022 09:06:12

2022 йил 16 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан “Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий фаоллиги ҳамда ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Натижада, келажагимиз эгалари бўлган ёшлар мамлакат ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларда ўзларининг таклифларини, позицияларини илгари суриб фаол қатнашишмоқда.

Айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мазкур жараёнда халқимиздан келган ҳар бир таклиф сараланиб, Конституциявий комиссия томонидан атрофлича ўрганилиб, улар асосида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда Энг муҳими, ушбу сиёсий жараёнда ёшлар фаол иштирок этмоқда.

Конституцивий комиссиянинг маълумотига кўра, бугунги кунга қадар комиссияга 23 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Уларнинг 70 фоиздан кўпроғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу эса, ёшларнинг келажакка бефарқ эмаслигидан далолатдир.

Қайд этилганидек, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича жорий йилнинг 24 май кунидан бошлаб “taklif@meningkonstitutsiyam.uz” ёки “taklif@2022.uz” электрон почталари орқали таклифларни қабул қилиш ишлари бошланди, 26 май кунидан бошлаб эса, электрон почтадан ташқари, “www.meningkonstitutsiyam.uz” онлайн платформаси, телеграм махсус боти, 1341 қисқа рақамли “call-markaz” сингари воситалар ишга туширилди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда бир нечта каналлар ташкил қилинди. Фуқаролар таклифларини ўз ҳудудларидаги маҳаллалар ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашига оғзаки ёки ёзма шаклда билдириши учун шароитлар яратилди.

Савол-жавобларга бой бўлган давра суҳбатида қонун ижодкорлиги жараёнида ёшлар иштирокини янада фаоллаштириш, қонунларни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини улар билан биргаликда муҳокама қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Тадбирда ёшлар билан ишлаш, уларнинг фаоллигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+