Янгиликлар 1362
Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини асраш 2021 йилда устувор вазифамиз бўлади
Азалдан ўзбек халқи ҳар бир улкан мақсадларни амалга ошришда ҳамда синовли даврларни енгиб ўтишда доно халқимиз билан бамаслаҳат иш олиб боришга энг тўғри ва устувор йўл деб қараб келган. Зеро бу йил давлатимиз раҳбари томонидан тўртинчи бор парламент аъзолари орқали бутун бир халқимизга мурожаатнома йўлланган бўлсада, бу йилги мурожаатнома сўнгги йилларда амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз ҳамда жорий йилги синовли кунларда тўплаган тажрибаларимизнинг сарҳисоби ва келгуси йилдаги устувор вазифаларнинг белгилаб олинишига қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди.
Хусусан, ҳали хануз дунё ҳамжамиятига ўз тутқичини ушлатмаган коронавирус пандемияси билан қизғин кураш олиб борилаётган бир вақтда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида ўз вақтида амалга оширилган чора-тадбирлар сабаб коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиб, аҳолимиз саломатлигини сақлаш борасида бир қатор ютуқларга эришилди. Аммо шундай бўлишига қарамасдан бугун Мурожаатномада давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясига қарши курашни мамлакатимизда тизимли равишда давом эттириш устувор вазифа эканлигини таъкидлаб, бу ишларни давом эттириш учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм заҳира шакллантирилгани маълум қилди.
Шунингдек, пандемия даври сабоқлари сабаб тиббиёт соҳасини рақамлаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш тизимини кенг жорий этиш Республикамиз бўйлаб аҳолига ўз вақтида сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун кўплаб йўналишлардаги тиббиёт муассасалари қисқа фурсатлар ичида қуриб фойдаланишга топшириш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга ошрилди. Аммо Президентимиз ўз мурожаатномасида бу борада амалга ошрилган ишлар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун етарли эмаслигини 2021 йилда 85 та янги оилавий поликлиникалар фойдаланишга топширилишини маълум қилди. Эндиликда, эҳтиёжманд аҳолини скрининг текширувдан ўтказишга хусусий сектор хизмати ҳам жалб этилиб, уларга давлат бюджети ҳисобидан субсидия берилиши таъкидланди. Жумладан, онкологик ва даволаш қийин бўлган касалликларнинг олдини олиш мақсадида 250 миллиард сўм ажратилади. Ўткир буйрак етишмовчилиги билан қийналаётган 5000 нафар беморларлар бепул тиббий текширувлардан ўтказилади. Бунинг учун бюджетдан 140 миллиард сўм ажратилади.
Энг асосийси бу каби устувор вазифалар «Электрон ҳукумат» дастури доирасида бошланган ишларни янги босқичда, жадаллик билан давом эттиришга муҳим дастуриламал ҳужжат сифатида хизмат қилади. Хусусан, келгусида «Ягона электрон тиббий карта» ахборот тизимини жорий этилиши Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўғрисида ягона тиббий маълумотлар базасини шакллантиришга, аҳолининг саломатлиги мониторингини ўтказишда ёрдам беради.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада эртамиз эгалари бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, келгуси 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши нафақат залда ўтирган мен каби парламент аъзоларини балким, бутун бир халқмизни дилидаги ва тилидаги истакларнинг рўёби бўлди десак муболаға бўлмайди.
2021 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини юритиш масаласида туб бурилиш йили бўлади. Жорий йилда бу борада бошланган ишлар мантиқий давом эттирилади. Жумладан бу йил ёшларимизнинг олий таълимга қамрови даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етказилди. 2021 йилда ёшларнинг давлат гранти асосида ўқишга кириши учун ажратилган квоталар сони 25 фоизга, эҳтиёжмад оилаларнинг қизларини давлат гранти асосида қабул қилиш эса икки баробарга оширилиб 2000 нафарга етказилади.
Шунингдек, мактаб таълим тизими ва педагогларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. 2021 йилда 30 та янги мактаб қурилади. 320 та мактаблар капитал таъмирдан чиқарилади. Бу ишларни амалга ошириш учун эса бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилади. Бошқа туманга бориб ишловчи педагог ходимларнинг ойлик иш ҳақларига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишловчи педагогларга эса 100 фоиздан устама тўлаб бериш тизими жорий этилади.
Ёш авлоднинг камолати йўлида муҳим бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам Президентимиз ўз Мурожаатномасида бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, 2021 йилда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига ёшларни қамраб олиш 65 фоизга, 2023 йилгача эса 75 фоизга етказилади. Мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш учун бюджетдан 600 миллион доллар субсидия ажратилиб, хусусий сектор улиши 25 фоизга етказилади.
Хулоса қилиб айтганда, Мурожаатномада илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ҳамда парламент олдига белгилаб берилган вазифаларнинг амалга татбиқ этилиши натижасида ёшларимизнинг таълим-тарбия олиши борасида, уларнинг Ватанимиз тараққиётидаги масъулияти ва ўрнини ошириш, фуқароларимизнинг турмуш даражасини яхшилашга ва соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга улкан замин яратилади.
Зухра ИБРАГИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг