Юксак эътибордан қалбимиз ҳаяжонда

27.06.2024 15:06:35

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табриги ёш ижодкор, блогер, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси сифатида қалбимни ҳаяжонга солди.

Сўнгги йилларга назар ташлайдиган бўлсак, шахсан юртбошимизнинг ташаббуси билан ахборот соҳасини эркинлаштириш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизнинг янгиланган Конституциясида оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилгани, соҳага доир ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилаётгани қўлига қалам тутиб, юрт равнақига ўзининг таҳлилий материаллари билан муносиб улуш қўшиш орзусидаги матбуотчилар ва телерадио журналистларининг зиммасига катта масъулият юклайди.

Шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, мамлакатимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар очилаётгани медиа воситалари вакилларининг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга даъват этмоқда.

Блогер ва ижодкор, халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати сифатида жорий йилнинг ўтган даврида ўнлаб фуқароларни ҳақли эътирозларига ечим топиб, муаммоларини ҳал этишга эриша олдим. Бу орқали уларнинг ҳақ –ҳуқуқларини таъминлаш орқали мамлакатимизда қонун устуворлиги муқаррарлигини таъминлашга ва одамларнинг айнан матбуотга бўлган ишончининг ортишига эриша олганимдан хурсандман.

Мамлакатимиз Президентининг ижод аҳлига йўллаган табрикларидан беҳад миннатдорман. Байрам арафасида бизнинг зиммамизга янада залворлироқ масъулиятларни юклаганларидан хурсандман. Улар айтганларидек, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, тезкор ва чуқур таҳлиллар асосида ёритиб боришга астойдил ҳаракат қиламан.

Шунингдек, депутат ва блогер сифатида халқ билан юзма-юз мулоқотларда аҳолининг медиа саводхонлигини ошириб боришни мақсад қилиб олдим. Адолатли ёндашув, қонун устуворлигидан барчамиз бирдек манфаатдор эканмиз, юртбошимиз таъкидлаганларидек, ахборот майдонида юзага келаётган баҳсли тортишув ва муаммолар фақат ва фақат қонун доирасида, ҳуқуқий меъёрлар негизида ҳал этилиши йўлида бор куч ва билимимни сарфлашни қатъий мақсад қилиб олдим.

Барча матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини, блогерларни байрам билан қутлайман. Ҳамиша адолат ҳамроҳингиз, қонун йўлдошингиз, халқ эътирофи ғурурингизга айлансин, деган гўзал тилакларни тилаб қоламан.

Бунёд Аҳмадалиев
«Адолат» СДП
Фарғона вилояти Кенгаши
мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+