Янгиликлар 2001
Юксак марралар сари
Ёшларимиз ўртасида ҳуқуқий маданият, соғлом турмуш тарзини, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга қаратилган ишларнинг самарасини ошириш партиямизнинг устувор вазифаларидан биридир. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенагаши Марказий аппарати ташаббуси билан ташкил этилган “Истеъдод клуби” ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш мақсадида ташкил этилган “Истеъдод клуби” ҳозирда фаол, талабчан ёшларни бир нуқтага жам қилмоқда.
Шундай имкониятлардан унумли фойдаланаётган тенгдошларимиздан бири партиямизнинг “Истеъдод” клуби аъзоси Термиз туманидаги 16-сон умумтаълим мактаби 5-синф ўқувчиси Шаҳризода Қудратовадир. Ҳозирданоқ фаолликни қўлдан бермай келаётган Шаҳризода орзуларини амалга ошириш мақсадида ўқиб ўрганмоқда. Ўқиш давомида тасвирий санъатга ҳам қизиқиб, у чизган суратлар кўпчилик эътирофига сазовор бўлмоқда. Ўзининг ажойиб, ранг-баранг тасвирий санъат намуналари билан қатор кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Жумладан, жорий йил партиямиз томонидан ташкил этилган “Ижодий ғоялар” кўрик танловида ҳам ўзининг ижодий ва инновацион ғоялари билан фаол қатнашганлиги учун республика босқичида партиянинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
- Шаҳризода интилувчан шогирдларимиздан бири,– дейди устози Ҳасан Қиличев – У ҳаракатчанлиги, изланувчанлиги билан бошқа шогирдларимдан ажралиб туради. Шаҳризода ўзининг ажойиб, қизиқарли ижодий ишлари билан ўқитувчилар эътиборига тушган. Унинг ижодий ишлари юртимизда ўтказилиб келинаётган турли кўрик-танловларда муносиб рағбатлантирилмоқда.
– Юртимизда мен каби ёшларга мана шундай имкониятларни яратиб бераётган Юртбошимиздан миннатдорман,-дейди ёш рассом Шаҳризода Қудратова - Қолаверса, партиянинг вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод” клуби мен каби ёшларни қўллаб-қувватлаб, иқтидор ва истеъдодларини юзага чиқаришда катта аҳамият касб этади, деб ўйлайман.
Дилафрўз РАҲМАТОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят
Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг