“Юксалиш”да муаммолар кўп

21.12.2020 20:12:23

Наманган шаҳри  йилдан-йилга кенгайиб,  аҳоли  сони  ошиб  бормоқда. Янги-янги  маҳалла  фуқаролар йиғинлари ташкил топмоқда.  Аммо  уларнинг    ҳаммасида  аҳоли турмушидаги     муаммоларни бартараф  этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқдами? Ўзбекистон  Республикаси  Олий  Мажлиси  Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод  Исмоилов билан Наманганда  ўтказилган баъзи  усрашувларда бу саволга ижобий  жавоб   топиш  қийин  бўлди.

Мазкур  хулоса биринчи навбатда “Юксалиш”  маҳалласига тааллуқли. У  шаҳар марказидан анча олисда  жойлашган. Тўғри,  ҳозир бу ерда  кенг  миқёсда қурилиш     ишлари  олиб  борилмоқда. Шу  билан      бирга эскирган  уй-жойлар ҳам  талайгина.   Улар  орасида  авария  ҳолатидагилар  ҳам  бор. Депутат  билан  учрашувда фуқаро Гутиэра Маддиева шу  масалани  кўтарди. Маълум       бўлишича,  яқинда 7- ва  8-кўп қаватли  уйлар таъмирдан    чиқарилган. Бироқ ишлар сифатсиз бажарилгани  учун   дастлабки  ёғингарчиликдан      кейиноқ   уларнинг  томидан  чакка ўтиб  кетган. Бу  масала  Давлатобод  тумани ҳокимлиги мутасаддилари билан ўрганиб  чиқилиб,  зарур  чоралар  кўриладиган  бўлди.    

Маҳаллада  оғир  ижтимоий  ҳолатга тушиб  қолган  оилалар  кўп. Улар  моддий  ёрдам  сўраб         мурожаат  қилдилар.  Масалан,  Зулхумор  Мадраҳимова олий  ўқув  юртида  ўқийдиган  қизи  учун  контракт  пулини  тўлашнинг       уддасидан  чиқа  олмаяпти. Муяссар  Мақсудова яшаш  учун  уйи  йўқлигидан  шикоят  қилди. Моддий  ёрдам  сўраб  мурожаат  этганлар  орасида Муҳаббат  Мақсудова, Фотима  Сулаймонова,  Зулайҳо  Исабоева  каби  фуқаролар  ҳам  бор. Маҳалла  раҳбарлари  ва  фаоллари бундай  юртдошларимизнинг оилавий  ҳолатини  яқиндан ва  чуқурроқ  ўрганиб, кўмак  беришса  асло  фойдадан ҳоли  бўлмасди.

- Фуқарларнинг яна  бир  туркум  мурожаати коммунал  хизмат  кўрсатишдаги  камчиликлар  ҳақида бўлди,  - дейди депутатга  ҳамроҳлик қилган  "Адолат"  СДП  вилоят  Кенгашининг раиси  ўринбосари  Ёрқиной  Ҳожиматова. - Мисол  учун,  Муқаддас  Боймирзва электр узатиш  симларининг эскирганлигини билдирди.  Натижада таъминотда узилишларга  кўп  йўл  қўйилмоқда. Холида  Дадахонова    бир  йўла  икки  муаммони  кўтарди. Яъни, аҳолига ичимлик  суви  етарли  миқдорда  етказиб               берилмаётир. Ички  йўлларнинг ҳолати  ҳам  талабга  жавоб бермайди. Уларни  асфальтлаб  бериш  тўғрисидаги  мурожаатлар  оқибатсиз  қолаётгани  ташвишлидир.    Насиба  Маллабоева  эса хонадонларни  суюлтирилган  газ билан вақтида  таъминлаш масаласи  ҳақида  гапирди.

Юқоридагилардан  кўриниб турибдики, “Юксалиш”да муаммолар  жуда  кўп.  Биз  уларнинг  айримларини  тилга  олдик, холос.  Депутат  бу  ҳақда  албатта,  туман ва  шаҳар  раҳбарларига  мурожаат  қилишни  режалаштириб  қўйди. Уларнинг  ҳаммаси  назорат  остига  олинади  ва  аҳоли  талабларини қондириш чоралари  кўрилади, деб  ўйлаймиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Наманган  вилоят  Кенгаши  матбуот  хизмати

            

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+