Юракдан куйланадиган қўшиқ

10.12.2021 14:12:30

 

Ҳар гал Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, байроғимиз бошимиз узра ҳилпираганда, озод Ватанимизга нисбатан қалбимизнинг туб-тубида ғурур пайдо бўлади, ҳурмат-эътибор кучаяди, фахр-ифтихор ҳисси жўш уради. Бу муаззам садо азму шижоатли халқимизнинг руҳига руҳ, кучига куч бағишлаб, янгидан-янги бунёдкорлик ишларига даъват этади.

Мадҳия фақат мадҳ этиш учун эмас, балки эътиқоднинг ифодаланишидир. Давлат рамзларида халқнинг азалий орзулари, унинг эзгу ниятлари, бугунги ҳаёт мазмуни акс этади. Давлат мадҳиясининг ҳуқуқий мақоми махсус қонун билан мустаҳкамланиб, унинг мақсади давлат суверенитетига бўлган эътиқоднинг расмийлигини таъминлаш, давлат суверенитетининг идрок қилиниши учун матн ва мусиқа ёрдамида ифодалашдан иборатдир.

Юртимиз мустақилликка эришгач, халқимизнинг азалий орзу-истаклари, эзгу интилишлари Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларида ўзининг ёрқин ифодасини топди. Чунончи, Ватанимиз мадҳияси ҳам унинг ўзи каби азиз ва муқаддасдир.

Мадҳиямизнинг ҳар бир сатрида халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи ифодаланган. Ва ҳар бир ўзбекман деган инсоннинг қалбида ўз Ватанига муҳаббат, садоқат туйғуларини жо қилади. Миллий ғурур, ўзига хос фахр ва меҳрни уйғотади. Ана шу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати,  маслак-мақсади мужассам. 

Шукрки, мамлакатимизда тинчлик — осойишталик, тотувлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётир. Ватанимизнинг куч-қудрати, салоҳияти, обрў-эътибори тобора юксалмоқда. Энг муҳими, озод юртимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган фарзандлари келажакка қатъий ишонч билан юксак марралар сари дадил одимламоқда.

...Ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши оламиз. Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш уради. 
Демак, истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверади.

 

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

“Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши ижрочи котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+