Янгиликлар 1269
Юрт ободлиги йўлида
Қишнинг сўнгги ойида, қуёшнинг илиқ ҳарорати остида заминга куч кириб, яшиллик нафаси келмоқда. Ҳар дамни ғанимат билган юртдошларимиз белни маҳкам боғлаб, мамлакатимиз бўйлаб турли манзарали ва мевали кўчатларни экишяпти. Атроф-муҳитнинг ободлиги йўлида савобли юмушга қўл урмоқдалар.
«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши депутатлари ва ходимлари ҳам Кенгаш раиси Шерзод Каримов бошчилигида Фарғона шаҳрида барпо этилаётган экошаҳар ҳудудидаги 70 гектар майдонда ташкил этилаётган «Янги Ўзбекистон» боғига «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали кўчатлар ўтқизишди. Фарғонанинг чиройига чирой қўшиб, табиатнинг софлигини сақлаш ва асрашга қаратилган ташаббуснинг фаол иштирокчисига айланишди. 120 туп манзарали кўчат эзгу ниятлар билан заминга қадалиб, зарур агротехник тадбирлар олиб борилди.
- Юртимиз ободлиги йўлида ҳар биримиз масъулмиз. Бу биргина кўчатлар экиш билан чекланмайди. Балки заминимизга қадалган ниҳолни ўсишига зиён етказмаслик, синдирмаслик ёки ҳеч бир сабабсиз кесиб ташламаслик ҳам фуқаронинг фидойилиги саналади. Атроф-муҳитни зарарланмаслик учун оддийгина чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш ҳам муҳим. Ҳар бир фуқаро экологик маданиятга риоя қилиши керак, – дейди Кенгаш раиси.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирлари вилоятимизнинг барча ҳудудларида депутатлар ва партия фаоллари иштирокида давом этмоқда.
«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг